Польшада ўтаётган халқаро кўргазмада Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари намойиш этилмоқда
Варшава шаҳридаги «Ptak Warsaw Expo» марказида «Fast Textile 2023» халқаро тўқимачилик кўргазмаси иш бошлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мазкур кўргазмада мамлакатимизнинг Польшадаги элчихона кўмагида «Ўзтўқимачиликсаноати» уюшмаси ва 25 та тўқимачилик корхоналарининг 50 га яқин вакилларидан иборат мамлакатимиз делегациясининг иштироки таъминланди. Кўргазмада «Made in Uzbekistan» ёрлиғи остида 400 квадрат метр майдонда Ўзбекистон миллий стенди ташкил этилди.
Бу йилги тадбирда, шунингдек, 45 мамлакатдан 600 дан ортиқ компания вакиллари қатнашмоқда. Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон тўқимачилик корхоналари ва Польша импорт қилувчи компаниялари томонидан ушбу кўргазмага қизиқиш йилдан-йилга ортиб бораяпти.
Шунингдек, Польшада ўзбек тўқимачилик маҳсулотларига талаб тез суръатларда ошиб бораётир. Бугунги кунда Европа Иттифоқи давлатларига экспорт қилинаётган ўзбек тўқимачилик маҳсулотларининг қарийб ярми Польша ҳиссасига тўғри келади.
Жумладан, 2023 йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистондан Польшага 60 миллион АҚШ доллари миқдорида тайёр тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинди. Сўнгги 5 йилда эса бу кўрсатгич 342 миллион долларга тенг бўлди. Мамлакатимиздан Польшага асосан ип-калава, турли матолар, чойшаб ва бошқа тайёр маҳсулотлар экспорт қилинмоқда.
«Fast Textile 2023» кўргазмаси 23 ноябрь кунига қадар давом этади.