Польшанинг Лодзь шаҳрида Андижон вилояти тўқимачилик компаниясига қарашли савдо шохобчаси очилди
Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси томонидан «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси билан биргаликда Лодзь шаҳридаги "Ptak Fashion City" савдо марказида Андижон вилоятида жойлашган "MT Textile" тўқимачилик компаниясига қарашли "Milana" савдо шохобчасининг очилиш маросими ташкил этилди.
Маросимда Ўзбекистон элчиси, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, Ўзбекистон ва Польшанинг қатор тўқимачилик корхоналари вакиллари ҳамда Лодзь шаҳри жамоатчилиги вакиллари иштирок этишди.
Мамлакатимиз дипломатия миссияси раҳбари савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида Ўзбекистон-Польша ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, Европа бозорига тўқимачилик маҳсулотлари экспортини янада ошириш вазифалари ҳақидаги маълумотларни тадбир иштирокчиларининг эътиборига ҳавола қилди.
Қайд этилганидек, Польшада фаолият юритаётган 4 та тўқимачилик савдо уйи (Варшавада 1 та, Лодзь шаҳрида 3 та) орқали салмоқли миқдордаги маҳсулотлар сотилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон тўқимачилик корхоналари Европа Иттифоқи давлатларига экспорт қилаётган енгил саноат маҳсулотларининг қарийб ярми Польша ҳиссасига тўғри келади. Жумладан, жорий йилнинг январь-октябрь ойида Польшага 60 миллион доллар миқдоридаги тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинган.
Ушбу савдо масканида бугунги кунда мазкур корхона томонидан Польшага ва Европанинг бошқа мамлакатларига экспорт қилинаётган тайёр трикотаж маҳсулотларидан намуналар намойиш этилди.