Тошкент вилоятида саноатни ривожлантириш бўйича қўшимча вазифалар белгиланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 26 июнь куни ҳудудларда саноатни ривожлантириш, бўш турган бино ва ерларда янги лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Аввал хабар берилганидек, 7 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда шу борадаги ишлар Андижон вилояти мисолида таҳлил қилинган эди. Бу гал Тошкент вилоятидаги мавжуд салоҳият ва ундан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Тошкент вилояти хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун энг қулай ҳудуд. Барча шаҳар ва туманларда етарли электр энергияси захираси мавжуд. Асосий истеъмол бозорларига маҳсулот етказиб берадиган йўл инфратузилмаси ҳам яхши ривожланган.
Лекин вилоятнинг баъзи ҳудудларида аҳоли жон бошига истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми республика бўйича ўртача кўрсаткичдан 2-3 баробар кам. Вилоят саноатида ҳудудий корхоналар улуши атиги 15 фоизни ташкил этади. Бўка, Оққўрғон, Оҳангарон, Паркент, Пискент, Қуйичирчиқ каби туманларда саноат анчайин орқада қолган.
Жорий ой бошида давлатимиз раҳбарининг Тошкент вилоятига ташрифи давомида 2019-2020 йилларда амалга ошириладиган 40 триллион 300 миллиард сўмлик 800 га яқин лойиҳадан иборат дастур ишлаб чиқилган эди. Шундан 300 дан зиёди саноат соҳасидадир.
Шунингдек, бу борада резервлар кўплигидан келиб чиқиб, Ҳудудлар саноатини комплекс ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳ томонидан яна 310 та қўшимча лойиҳа шакллантирилди.
Йиғилишда мазкур саноат лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Унга кўра, июнь ойи бошида тасдиқланган Дастур билан биргаликда вилоятда 2019-2022 йилларда умумий қиймати қарийб 51 триллион сўм бўлган 636 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.
Ушбу лойиҳалар доирасида 4,2 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш орқали саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажмини қарийб 2, аҳоли даромадларини 2,1 баробар ошириш кўзда тутилган. Бу 51 мингдан ортиқ доимий иш жойи ташкил этиш имконини беради.
Йиғилишда ҳар бир лойиҳа тармоқлар, шаҳар ва туманлар, тижорат банклари кесимида кўриб чиқилди. Мутасаддиларга ушбу саноат лойиҳалари бўйича режа жадвалларини тасдиқлаб, уларни ўз муддатида ишга тушириш бўйича топшириқлар берилди.
Муҳим жиҳати шундаки, вилоят саноатини ривожлантириш бўйича таклиф этилган лойиҳаларнинг 60 фоизи инфратузилмаси мавжуд, лекин бўш турган объектлар ва ер майдонларига жойлаштирилди.
Давлат активларини бошқариш агентлигига тегишли вазирлик ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда республика бўйича самарасиз фойдаланилаётган барча бино ва ер майдонларини хатловдан ўтказиб, бўшайдиганларини тадбиркорларга аукцион орқали сотиш, инвестиция мажбуриятлари билан “ноль” қийматда бериш ёки улар негизида кичик саноат зоналари ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Хусусийлаштирилган объектларни самарали ишлатиш борасида мулк эгаларида айрим муаммолар борлиги қайд этилиб, уларни ҳал қилиш бўйича тадбиркорларга кўмаклашиш зарурлиги таъкидланди.
Видеоселекторда эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари салоҳиятидан унумли фойдаланиш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда жами 21 та эркин иқтисодий зона ва 150 та кичик саноат зонаси ташкил этилган бўлиб, уларнинг ҳудудида қарийб 1 минг 700 та кичик корхона фаолият юритмоқда. Лекин айрим корхоналар муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан етарлича таъминланмаган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 21 июнда қабул қилинган “Кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида мазкур жойлардаги шароитларни яхшилаш, мавжуд камчиликларни ҳал этиш йўллари белгилаб берилди.
Бу барча ҳудудлардаги, жумладан, Тошкент вилоятидаги кичик саноат зоналари учун ҳам айни муддао бўлди. Бундан фойдаланиб, вилоятда саноатни изчил ривожлантириш, бўш объектлар негизида янги қувватларни ишга тушириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Мутасаддиларга шу тизим асосида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда саноатни ривожлантириш бўйича қўшимча лойиҳаларни шакллантириш бўйича топшириқ берилди.
Бундан ташқари, йиғилишда тармоқлар ва ҳудудлар бўйича лойиҳаларда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ҳолати танқидий кўриб чиқилди. Жаҳон талаблари асосида рақобатбардош ишлаб чиқаришлар ташкил этиш, маҳсулот ва хизматлар экспортини ошириш, логистикани янада ривожлантириш, янги бозорлар топиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.