Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Теҳронда Эрон Президенти билан учрашди
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 26 октябрь куни Теҳронда Эрон Президенти Иброҳим Раисий билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, мезбон Ўзбекистон раҳбариятига ўз эҳтироми ва қизғин саломларини йўллади. Юртбошимизга Президент сайловида ишончли ғалаба қозонгани муносабати билан унинг самимий табрик ва қутловларини етказини сўради.
Эрон Президенти Ўзбекистон давлат раҳбарини Теҳронга расмий сафар билан ташриф буюришга таклиф этди.
Иброҳим Раисий Ўзбекистон Президентига Эроннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига тўлақонли аъзо бўлишида қўллаб-қувватлагани учун ўзининг чексиз миннатдорлигини билдирди.
Президент Эронда Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришда ҳеч қандай тўсиқ мавжуд эмаслигига урғу берди.
Эрон томони Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик доирасида қурилиш, транспорт инфраструктурасини ривожлантириш, энергетика, нефт ва газ соҳаларида ўзаро алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдор экани қайд этилди. Шу ўринда икки томонлама ҳамкорликнинг ҳар бир йўналиши бўйича ишчи гуруҳлар тузган ҳолда олий даражада эришилган келишувларни ҳаётга изчил татбиқ этиш зарурлигини кўрсатиб ўтди.
Эрон ҳукумати Афғонистонда доимий тинчлик ўрнатиш борасида Ўзбекистон билан ҳар томонлама ҳамкорликка тайёр эканлигини таъкидлади.