ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ САЙЛОВИДАГИ ХАЛҚАРО КУЗАТУВ НАТИЖАЛАРИ
Халқаро миқёсдаги кузатувларда турли мамлакат ва институтлар вакиллари иштирок этди: сайлов ташкилотчилари, парламент аъзолари ва экспертлар ҳамжамиятлари.
Марказий сайлов комиссияси томонидан жами 971 нафар халқаро кузатувчи, аккредитациядан ўтказилди. Хусусан, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси, Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши, Туркий Кенгаш Парламент Ассамблеяси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби 18 та халқаро ташкилотдан 631 нафар ҳамда 45 та хорижий давлатдан 340 нафар халқаро кузатувчилар иштирок этди.
Халқаро кузатувчилар миссиялари раҳбарлари ва координаторлари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларига юксак баҳо берди.
Тадбир иштирокчиларининг умумий фикрига кўра:
халқаро кузатувчилар миссиялари учун зарур шарт-шароитлар яратилгани сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича самарали мониторинг олиб бориш имконини берди, бу ўз навбатида Ўзбекистонда сайлов жараёни очиқлиги ва шаффофлигидан далолатдир;
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови миллий қонунчилик ва сайлов ҳуқуқларининг халқаро стандартлари доирасида, демократик нормаларга риоя қилган ҳолда ўтказилди.
Хусусан, МДҲнинг сайловдаги миссияси раҳбари, МДҲ Ижрочи котиби С.Лебедев таъкидлаганидек, сайловлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Сайлов кодекси талабларига тўлиқ мос ҳолда, рақобатбардош, эркин, очиқ ва ошкора, демократик сайловларни ўтказишнинг умумэътироф этилган тамойилларига жавоб беради. Ўзбекистондаги сайловларнинг ажралиб турган жиҳати қора пиар ва манфаатлар тўқнашувининг йўқлиги бўлиб қолмоқда, бу эса мамлакатдаги сайлов жараёнини ғарб мамлакатларидаги сайловлардан ижобий фарқланиб туришини кўрсатади.
ШҲТ кузатувчилар миссияси раҳбари, ШҲТ Бош котиби ўринбосари Е.Ашимов Ўзбекистонда Президент сайлови миллий қонунчилик талаблари ва халқаро мажбуриятларга жавоб бергани, эркин, қонуний ва демократик руҳда ўтганини алоҳида таъкидлади. Мазкур сайловларда овоз бериш натижаларини шубҳа остига қўядиган қонунбузилиш холатлари кузатилмади. Шунингдек, у замонавий коммуникация ва ахборот технологияларини татбиқ қилинганлиги натижасида сайлов жараёни такомиллаштирилганини алоҳида қайд этди.
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (ТТДҲК, Туркий кенгаш) Кузатувчилар миссияси раҳбари О.Кожаманнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови очиқ, ошкора ва Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигига амал қилган холда, шунингдек, халқаро стандартлар, нормалар ва талабларга мувофиқ ўтди. О.Кожаман Ўзбекистонни ва ўзбек халқини сайловларнинг муваффақиятли ўтгани билан табриклар экан, сайлов натижалари мамлакатимизнинг янада равнақ топиши, тараққиёти ва туркий дунёда янада мустаҳкам алоқалар ўрнатилишига хизмат қилишини таъкидлади.
Шунингдек, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Парламент Ассамблеяси ва Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ПА ва ЕХҲТ/ДИИҲБ) ҳамда Европа Парламенти миссияларининг қўшма матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Кузатувчилар миссиясининг дастлабки якунлари ва хулосалари тўғрисидаги баёнотига кўра, Президент сайлови Ўзбекистаон Президенти ташаббуси билан "Янги Ўзбекистон" шиори остида ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда изчил олиб борилаётган ислоҳотлар стратегияси доирасида бўлиб ўтди.
Тан олинмоқдаки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида сезиларли тараққиётга эришилди, сайлов қонунчилигида амалга оширилган жиддий ислоҳотлар, ЕХҲТ/ДИИҲБнинг қатор тавсияларини имплементация қилишга кўкмак берди.
Сайловолди ташвиқотини тўсиқларсиз ўтказиш, маъмурий ресурслардан фойдаланиш фактларини истисно қилиш чора-тадбирлари ижобий баҳоланиб, сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатлари кучайтирилгани қайд этилган.
Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда МСК фаолиятига юксак баҳо берилмоқда. Таъкидланишича, COVID-19 билан боғлиқ муаммоларга қарамай, МСК ўз фаолиятини қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда профессионал даражада, сифатли ва самарали ташкил этган.
Қайд этилишича, МСКнинг барча йиғилишлари илк бор кенг жамоатчилик учун очиқ бўлиб, реал вақт режимида трансляция қилиниб, унинг қарорлари дарҳол комиссия веб-сайтида эълон қилинган. Ҳужжатда қайд этилганидек, бу сайлов жараёнининг очиқ ва ошкора бўлишига хизмат қилди.
Имконияти чекланган шахслар учун қулай муҳит яратиш чора-тадбирлари ҳам ижобий баҳоланди.
Марказий сайлов комиссияси халқаро кузатувчилар миссияларига, барча халқаро кузатувчиларга Ўзбекистон Республикасига сайловни умумэътироф этилган стандартлар ва илғор тажрибалар асосида адолатли, очиқ ва ошкора ўтказишда, мамлакатимизнинг бу борадаги халқаро мажбуриятларни қўллашда кўрсатган ёрдами учун самимий миннатдорлик билдиради. Шунингдек, сайловлар бўйича халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорликни давом эттириш тарафдори эканлигини билдириб ўтади.
Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссияси