Ўзбекистонда синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарадиган Uzbekistan GTL заводининг ишга туширилгани Польша ОАВ нигоҳида
Польшада нашр этиладиган «Transport manager» журнали саҳифасида “Ўзбекистондан синтетик суюқ ёқилғи “оқади” сарлавҳали мақола босилиб чиқди.
Унда мамлакатимизда дунёдаги энг йирик синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарадиган Uzbekistan GTL мажмуаси ишга туширилгани билан боғлиқ тафсилотлар қаламга олинар экан, ушбу завод 2022 йил 1 мартдан эътиборан тўла қувват билан ишлаши польшалик ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган.
Мақолада ушбу мажмуада йилига 3,6 млрд метр куб табиий газ қайта ишланиб, қиймати 1 млрд доллардан зиёд бўлган 1,5 млн тонна тайёр суюқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши, жумладан, 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланиши алоҳида қайд этилган. “Завод ўзининг ноёб технологик устунликлари ва юқори ишлаб чиқариш қуввати билан ажралиб туради”, деб ёзади журнал.
Шунингдек, мақолада синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича GTL лойиҳасининг умумий қиймати 3,42 млрд долларни ташкил этиши, бундай завод шу пайтгача жаҳонда фақат 4 та давлатда – Қатар, Нигерия, ЖАР ва Малайзияда барпо этилгани, бу ерда йилига умумий қиймати 1 миллиард АҚШ доллари ёки 12,8 триллион сўмдан ортиқ импорт ўрнини босувчи нефть маҳсулотлари ва углеводород хом ашёлари ишлаб чиқарилиши ҳам маълум қилинган.
“Мажмуа қурилишида бир вақтнинг ўзида 13 мингдан ортиқ муҳандис ва ишчи-қурувчилар қатнашди. Заводда Япония, Корея, Сингапур, АҚШ, Германия, Италия, Буюк Британия, Россия, Хитой каби 24 та давлатдаги 130 га яқин етакчи корхоналарда ишлаб чиқарилган 10 мингдан зиёд ускуналар ўрнатилди. Ишлаб чиқаришга доир технологик ечимлар, ускуна ва жараёнларни қўллаш учун 140 та халқаро лицензия ва патент олинди”, деб ёзади «Transport manager».