Польшада Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларнинг асосий йўналишлари муҳокама қилинди
Варшавадаги элчихонада Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Ўзбекистонда ўтказилаётган конституциявий ислоҳотлар мавзусига бағишланган тадбирда эксперт-таҳлил, академик, ишбилармон доиралар, кенг жамоатчилик вакиллари, етакчи оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Брифингдан кўзланган мақсад Польша жамоатчилигини Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларнинг мазмун–моҳияти ва аҳамияти, уларнинг Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатла амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштиришдаги ўрни ҳақида хабардор қилишдан иборат бўлди.
Анжуманда Ўзбекистон делегацияси раҳбари бугунги кунда мамлакатимиз «Инсон шаъни ва қадр-қиммати йўлида» устувор тамойилини амалга оширишга қаратилган энг муҳим сиёсий тадбир арафасида эканини таъкидлади. Бу муҳим жараёнда жамиятнинг барча аъзоларини фаол жалб этиш мақсадида умуммиллий референдум ўтказиш режалаштирилган. Бу Ўзбекистоннинг асосий демократик тамойилларга содиқлигини кўрсатади. Бўлажак референдумнинг ташкил этилиши ҳам конституциявий ислоҳотларнинг асосий мақсади ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлаш, унинг манфаатларини энг олий қадрият сифатида эътироф этишдан иборат эканидан далолат беради.
Иштирокчилар конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, устувор йўналишлари, ислоҳотлар муҳокамаси ва бу жараёнда фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг иштироки, шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Конституциявий комиссияси аъзолари билан учрашувдаги нутқи билан таништирилди.
Польша Табиий ва гуманитар фанлар университети профессори Ежи Шукальски ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашар экан, конституциявий ислоҳотлар демократик, очиқ ва ошкора жараёнда кечмоқда, деган фикрни билдирди.
-Жорий йил июнь ойида Урганчда бўлиб ўтган конституциявий ислоҳотлар бўйича халқаро конференциядаги иштироким давомида демократик ислоҳотлар «Инсон - жамият – давлат» тамойилини амалга ошириш учун мустаҳкам пойдевор ва янги платформа яратганини шахсан кўриш имкониятига эга бўлдим, - деди у.
Польшалик экспертнинг фикрича, Конституция матнига АКТ, экология соҳасидаги янги ҳуқуқларнинг киритилиши, шунингдек, аёллар, болалар, ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларининг мустаҳкамланиши Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг устувор йўналишларига мос эканини яна бир бор намоён этмоқда.
Гожув-Велькопольски шаҳридаги Якуб Парадиз номидаги академия профессори Яануш Собон конституциявий ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири - фаровон давлат тамойилини амалга ошириш эканини эътироф этди.
-Давлатларнинг ўз фуқароларига ижтимоий ёрдам кўрсатиши бугунги шароитда жуда муҳим, - деди у. - Малакали тиббий ёрдам кўрсатиш борасида таклиф этилаётган ўзгаришлардан ҳам мамнунмиз. Коронавирус пандемияси барчамизга соғлиқни сақлаш тизимининг қанчалик муҳимлигини намойиш этди.
«Польша-Шарқ» ҳамкорлик уюшмаси президенти Йосиф Брилл Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонда дафн этилган польшалик аскарлар хотирасига доимий эътибор қаратилаётгани учун ўзбекистонликларга миннатдорлик билдирди.
Конституцияда акс этган фуқаролик жамиятининг роли давлатнинг тараққиётга қандай интилишини кўрсатиб беришини таъкидлади. Унинг фикрича, фуқаролик жамиятининг фаол иштирокисиз мамлакатни барқарор ривожлантириш ва дунё билан алоқаларини мустаҳкамлаш мумкин эмас. Ўзбекистон фуқаролик жамияти институтларини мустаҳкамлаш, хусусан, ижро ҳокимияти фаолияти, бюджет жараёни устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришда тўғри йўл танламоқда. Нодавлат секторнинг овози, албатта, мамлакат ривожига ҳисса қўшади, деб урғулади эксперт.
«Polonia Union» жамғармаси президенти Шчеслав Скарзинский ёшларнинг конституциявий ислоҳотларда фаол иштирок этишига алоҳида эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, Конституцияда ёшларнинг ривожланиши учун шароит яратиш соҳасидаги давлат мажбуриятларининг мустаҳкамланиши келажак авлод учун юксак масъулиятни намойиш этади.
Конституцияга киритиш таклиф этилаётган ўзгартишларнинг аксарияти фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилгани мамнуният билан қайд этилди.
Польша оммавий ахборот воситалари вакиллари Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотларнинг боришини ёритиш ва мамлакат суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижаларини кенг ёритишга тайёрлик билдирди.