Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Польшада бўлиб турган ватандошлар билан учрашди
Мамлакатимизнинг Польшадаги элчихонасида Ўзбекистон Мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда Польша университетларида таҳсил олаётган талабалар, ушбу мамлакатда вақтинча истиқомат қилаётган ва ишлаётган ватандошлар ҳамда шу кунларда Варшавага ташриф буюрган Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова иштирок этди.
Тадбирда Мустақиллик куни Ўзбекистон тарихидаги энг муҳим сана бўлиб, уни ўзбек халқи эркин, мустақил ва бахтли ҳаёт ҳамда фаровонлик рамзи сифатида катта қувонч билан нишонлаши таъкидланди.
Омбудсман ўз чиқишида мустақиллик халққа эркинлик, ўзликни англаш, ўз тарихи, маданий ва маънавий меросини билиш ҳамда фахрланиш имкониятини берганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, у Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш масаласи устувор эканлиги ва бу соҳада эришилаётган муваффақиятларга эътибор қаратди.
Тадбирда мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва қонунчиликдаги ўзгаришлар, сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаёт ҳақидаги маълумотлар ҳам тадбир иштирокчиларининг эътиборига ҳавола қилинди.
Шу ўринда мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора ошиб бораётгани, хорижий давлатлар ва ташкилотлар ҳамкорлигида улкан иқтисодий ва ижтимоий лойиҳалар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. Миллий қадриятларимизнинг муҳим бўғини бўлган анъаналарнинг авлодлар ўртасидаги бардавомлигини сақлаш, кексаларнинг фаровон ҳаёти, ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва қобилиятини ўстириши учун барча шароитлар яратилаётгани қайд этилди.
Тадбир давомида чет элда ишлаётган фуқароларга муносиб шароит яратиш ва улар билан тизимли ишлаш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш, меҳнат шартномасида назарда тутилган талабларни ўз вақтида бажариш, ходимларнинг саломатлиги ва ижтимоий ҳимоясини янада мустаҳкамлаш каби масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Элчихона томонидан меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи фуқароларга консуллик ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.