Польшада ўтказилган тадбир Ўзбекистон Президенти Мурожаатномасининг мазмун-моҳиятига бағишланди
Мамлакатимизнинг Польшадаги элчихонасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасининг мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Польша олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар ва ушбу мамлакатда истиқомат қилаётган ҳамда вақтинча ишлаётган ватандошларимиз вакиллари иштирок этишди.
Ўзбек дипломатлари тадбир иштирокчиларига давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида илгари сурилган ташуббуслар, хусусан, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни иш билан таъминлаш, таълим олиши учун яратиладиган янги имкониятлар хусусидаги маълумотларни ўртоқлашдилар. Мамлакатимизда ёшларнинг ижтимоий ҳамда маънавий камол топиши учун шарт-шароитлар яратиб беришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг аҳамиятига алоҳида урғу берилди.
Ўзбекистонда 2023 йил «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили», деб эълон қилингани тўғрисида алоҳида сўз борди. Ёшларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, хусусан, хотин-қизларнинг ўқиши, касб эгаллаши, қобилиятини юзага чиқариши учун барча шароитлар яратилаётгани айтиб ўтилди. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар эътироф этилди.
Тадбир давомида, шунингдек, хорижда меҳнат қилаётган фуқароларимизга муносиб шарт-шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш, ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш каби масалалар юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.
Ўз навбатида, давра суҳбатида иширок этган ватандошлар Ўзбекистон Президенти Мурожаатномасида илгари сурилган янги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашларини билдиришар экан, уларнинг ҳаётга тадбиқ этилишига ўзларининг билим ва тажрибалари орқали ҳисса қўшишларини айтишди.