Варшавадан нигоҳ: Ўзбекистон инновация иқтисодиётини яратиш бўйича катта салоҳиятга эга
Ўзбекистон элчиси Баҳром Бобоев Польша Сейми (парламентнинг қуйи палатаси) депутати, Польша Бош вазирининг собиқ ўринбосари ва Польша ривожланиш ва технологиялар вазири Ядвига Емильевич билан учрашди.
Бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон билан Польша ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, парламентлараро ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Депутат Польша Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасидаги энг муҳим ва ишончли ҳамкор деб билишини, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак қадрлашини, бунинг натижаси ўлароқ, бугунги кунда Ўзбекистон инновацион иқтисодиёт учун улкан салоҳиятга эга эканлигини таъкидлади.
Икки мамлакат ўртасида сиёсий соҳада ҳеч қандай муаммо ва келишмовчиликлар мавжуд эмаслиги, парламентлараро, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларида ўзаро манфаатли алоқалар изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди.
Ядвига Емильевич 10 мартдан бошлаб Варшава ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновини очиш тўғрисидаги қарор Польша авиакомпаниялари томонидан мамнуният билан қабул қилингани ва бу икки мамлакат ҳам бир-бири ҳақида кўпроқ билиб олишларига хизмат қилажагини таъкидлади. Маданий-гуманитар ва минтақалараро шерикликни янада ривожлантириш учун Ўзбекистон ва Польша шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатларини ўрнатиш муҳимлиги билдирилди.
Польша депутати жорий йил 2 - 19 апрель кунлари бўлиб ўтадиган 20-Тошкент Халқаро инвестиция форумида маъруза билан иштирок этишга тайёр эканлиги ҳам маълум қилинди.