Польшада таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан учрашув
Польшадаги Олий бизнес мактабида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ва Краков шаҳрида истиқомат қилувчи мамлакатимиз фуқаролари билан учрашув бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоиз, Польша Олий бизнес мактаби мамлакатдаги йирик ва тез ривожланаётган хусусий университетлардан бири. Бу ерда 60 дан ортиқ соҳаларда мутахассислар тайёрланади. Бугунги кунда ушбу университетда 150 дан ортиқ ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда.
Учрашув Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси томонидан чет элдаги ватандошлар билан қўллаб-қувватланаётган мулоқот доирасида ташкил этилди. Ундан кўзланган мақсад Ўзбекистон фуқароларини мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан таништириш, консуллик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун яқин алоқаларни ўрнатишдан иборат.
Мулоқотда Ўзбекистон Президентининг хорижий мамлакатларда истиқомат қилаётган ватандошларга нисбатан сиёсати, шунингдек, дипломатик ваколатхоналаримизнинг улар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги фаолиятига эътибор қаратилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида қайд этилган устувор вазифалар, мамлакатни замонавий ривожлантириш, рўй бераётган ижобий ўзгаришлар тўғрисида маълумот берилди. Юртимизда 2020 йилнинг Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб эълон қилингани алоҳида таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг маданий, илмий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш, уни дунё миқёсида ўрганишни оммалаштириш кераклиги юзасидан фикр алмашилди.
Элчихонанинг Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, Польша билан ўзаро манфаатли ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашдаги интилишларини қўллаб-қувватлаб, уларда иштирок этишни истовчи ватандошлар ва улар томонидан ташкил этилган ташкилотлар билан алоқаларни ривожлантириш борасидаги ишларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув иштирокчилари хорижий мамлакатларда уларнинг касбий, тадбиркорлик, сармоявий, илмий, маърифий ва маданий фаолияти, шу жумладан, Европа университетларида таҳсил олишлари учун қулай ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий шароитлар яратилгани учун Президентимизга, элчихона вакилларига миннатдорлик билдирди. Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга, мамлакатнинг халқаро нуфузини янада оширишга ҳисса қўшишга тайёр эканликларини тасдиқладилар.
Учрашувда тингловчиларга Польша қонунчилигига риоя қилиш, шунингдек, дипломатик ваколатхона билан алоқаларни ривожлантириш бўйича тавсиялар, консуллик-ҳуқуқий масалалар юзасидан маслаҳатлар берилди.