Марказий Осиёда сув дипломатияси

Дефицит сув нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда тобора долзарб муаммога айланиб бормоқда. Иқлим ўзгариши, замонавий экологик инқироз ва табиатга боғлиқ бўлмаган вазиятлар ҳаётбахш намликнинг қадрини ошириб, уни тежаш учун онгли ва мақсадли ҳаракатларни талаб қилмоқда. Шу муносабат билан давлатлар, жаҳон ҳамжамияти ва нуфузли халқаро ташкилотлар ҳаёт манбаини сақлаб қолишга қаратилган аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқмоқда. Айнан ҳозир зарур чораларни кўриш орқали эртага муҳим натижаларга эришиш мумкин.
2030 йилга бориб Ўзбекистонда сув танқислиги 15 миллиард кубометрга етиши мумкин. Сув ресурсларининг асосий қисми қўшни давлатлардан кириб келади. Мамлакатимиз ҳудудидаги йиллик ёғингарчилик миқдорига боғлиқ равишда сув захираларининг атиги 15-20 фоизи шаклланади. Сўнгги йилларда минтақада ёғингарчиликнинг камайиши натижасида йирик ва кичик дарёлар ҳамда сойларда сув ҳажми камайиб бормоқда. Буни республикада ҳар йили ишлатилган 60-64 миллиард кубометр сув ўрнига, ҳозирги вақтда 51-53 миллиард кубометр сув билан чекланишдан ҳам англаш мумкин.
Шу билан бирга, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг оқилона ва прагматик сиёсати туфайли минтақа давлатлари ўртасида чегарадош сув ресурсларини бошқариш яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатларни ҳурмат қилиш асосида амалга оширилмоқда. Бу эса соҳада йиллар давомида тўпланган муаммоларни осон ҳал этиш имконини бермоқда.
Сув ресурсларини интеграциялашган бошқариш, чегарадош сувлар ва давлатлараро объектлардан биргаликда фойдаланиш масалалари бўйича икки ва кўп томонлама самарали ҳамкорлик изчил давом этмоқда. Хусусан, ўтган йили бир қатор муҳим учрашувлар ўтказилиб, муайян келишувларга эришилди.
Марказий Осиё давлатлари ўртасида сув тақсимоти, Амударё ва Сирдарё дарёлари ҳавзаларида сув олиш лимитларини белгилаш ҳамда трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш масалалари Ҳукуматлараро сув хўжалиги мувофиқлаштириш комиссияси (МКВК) йиғилишларида муҳокама қилинади.
2024-2025 йилларда Ўзбекистон Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон билан сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш ва уларни автоматлаштириш борасида муҳим келишувларга эришди. 2024 йил июнь ойида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон ўртасида "Баҳри Точик" сув омбори ишлаш тартибини мувофиқлаштириш бўйича уч томонлама протокол имзоланиб, вегетация даврида Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари учун қўшимча бир миллиард кубометр сув олинди.
Тожикистон билан чегарада жойлашган Сурхондарё вилоятидаги Катта Ҳисор канали тозаланиб, таъмирланиши натижасида ҳар йили ўртача 350 миллион кубометр сув етказиб берилиши таъминланади.
Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида сув хўжалиги масалалари бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссия доирасида эришилган ижобий келишувлар туфайли Тўямўйин сув омборида 5 миллиард кубометрдан ортиқ сув йиғилди, бу аввалги йилларга нисбатан 500 миллион кубометрга кўп.
Қозоғистон билан ҳамкорликда экологик вазиятни яхшилаш мақсадида ўтган йили Шардарин сув омборидан Айдар-Арнасой кўл тизимига 700 миллион кубометр сув қўйилди. 2024 йил декабрь ойида эса Қозоғистоннинг Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги билан эришилган келишувга мувофиқ, Шардарин сув омборидан 1,4 миллиард кубометр сув олинди. Шунингдек, йил давомида кўл тизимига кунлик 5,5-6 миллион кубометр, йиллик эса 3,5 миллиард кубометр сув коллекторлар орқали келиб тушмоқда.
Президентнинг 2024 йил 5 январдаги "Сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ва улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида туманларда "Сув етказиб бериш хизмати" давлат муассасалари ташкил этилди.
Сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва сув олиш ҳажмини сув ўлчаш асбоблари орқали аниқлашга асосланган ҳолда, сув солиғи ставкаларига турли коэффициентлар қўлланмоқда.
2023 йилда фермер хўжаликлари ва агрокластерлар 8,6 миллиард кубометр сув қабул қилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 1,7 баробар ошиб, 14,3 миллиард кубометрга етди.
Республиканинг ирригация тизимида 165,6 минг км сув таъминот тармоғи мавжуд. Шундан 28,7 минг км магистрал, туманлараро ва хўжаликлараро каналлар, 136,9 минг км эса ички хўжалик ирригация тармоқларига тўғри келади.
2023 йилда сув хўжалиги ташкилотлари балансдаги 28,7 км каналлардан 10,7 км (38%) бетонлаштирилган. Шу сабабли, 2024 йил сув йўқотишларини камайтириш мақсадида каналларни бетонлаштириш йили деб эълон қилинди.
Бетонлаштириш ишлари учун 700,5 миллиард сўм давлат бюджети маблағлари ва 19 миллион доллар халқаро молия институтларининг кредит ва грантлари сарфланди.
2025 йил насос станциялари самарадорлигини ошириш йили сифатида белгиланган бўлиб, бу қишлоқ хўжалиги ва фермерлар учун муҳим аҳамият касб этади.
2019 йилгача 28 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилган бўлса (1%), 2024 йилда бу кўрсаткич 1,9 миллион гектарга (46%) етди. 2030 йилга келиб, сув тежовчи технологиялар қўлланилган майдон 2 миллион гектарга етказиш режалаштирилган.
Йил якунига келиб, ирригация тизими ва сув таъминоти тармоқларининг фойдали иш коэффициенти 0,67 дан 0,68 га ошади, қишлоқ хўжалигида 10 миллиард кубометр сув тежалади.
Шавкат Ҳамраев,
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири