Ватандошларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш Ўзбекистоннинг Варшавадаги элчихонаси фаолиятининг устувор йўналиши
Коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият сабаб 16 мартдан бошлаб Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси қошида Тезкор штаб ташкил қилинган. Штаб фаолияти орқали ушбу мамлакатда вақтинча истиқомат қилаётган ватандошлар – талаба, ишбилармон ва меҳнат муҳожирлари манфаатлари ҳар томонлама ҳимоя қилиб келинмоқда.
Дипломатик ваколатхонадаги штабда Ўзбекистон фуқаролари мурожаатларига оид масалаларни тезкорлик билан ҳал қилиш мақсадида 24 соатлик иш ташкил қилинган.
Элчихона вакиллари ватандошлар орасида эпидемия тарқалишининг олдини олиш ва пандемиянинг миллий иқтисодиётимизга салбий таъсирини камайтириш мақсадида Ўзбекистонда кўрилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар ҳақида ҳамюртларимизни доим хабардор қилиб келмоқда.
Ўз навбатида, учрашув ва мулоқотларда юртдошларимизга карантин даврида ушбу мамлакатда жорий қилинган қоида ва тавсияларга қатъий риоя қилиш зарурлиги таъкидланяпти.
Режага асосан, Варшава, Вроклав, Краков, Гданск, Лублин ва Познан шаҳарларидаги университетларда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан мунтазам видеоконференциялар ўтказиш белгиланган. Кеча, 7 апрель куни Вроклав университети талабалари билан навбатдаги ана шундай видеомулоқот бўлиб ўтди.
Элчихона, шунингдек, карантин туфайли Европа мамлакатлари ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг виза ва мамлакатда бўлиб туриш рухсатномалари муддатларини узайтириш бўйича музокаралар ўтказяпти.
Бундан ташқари, Польшадаги элчихонамиз Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларни самарали даволашга кўмаклашиш мақсадида ушбу давлат соғлиқни сақлаш муассасалари билан ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб бормоқда. Гуманитар ёрдам кўрсатиш имкониятини кўриб чиқиш юзасидан Польшадаги йирик тиббий компанияларга мурожаат йўллади.
Ўзбекистоннинг Варшавадаги элчихонаси ватандошларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш ва коронавирусга қарши курашда ҳамкорликка тайёр тузилмалар кўмагини ташкил қилишга қаратилган ишларни изчил давом эттирмоқда.