Бухоро вилоятида бўрондан жабр кўрган тадбиркорлар қўллаб-қувватланди
8-10 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари С. Умурзаков бошчилигидаги вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларидан иборат бўлган ишчи гуруҳ Бухоро вилоятининг Олот, Қоракўл ва Жондор туманларига ташриф буюриб, жорий йил апрель ойининг охирида бўрондан жабр кўрган маҳаллий тадбиркорлар (биринчи навбатда - иссиқхоналар эгалари) билан учрашувлар ўтказди.
Гуруҳ аъзолари мазкур учта туманнинг ишлаб чиқарувчилари ва экспорт қилувчилари билан биргаликда корхоналарни имкон қадар тезроқ тиклаш учун молиявий қўллаб-қувватлашнинг аниқ механизмлар ва алгоритмларини ишлаб чиқдилар. Хусусан, бир қатор тадбиркорларга мавжуд кредитлар бўйича қарзларни таркибий ўзгартириш, етказилган зарарни баҳолашни тезлаштириш, суғурта компаниялари томонидан суғурта полислари учун тўлов жараёнларини жадаллаштириш, шунингдек, иссиқхоналар ва саноат корхоналари ишини қайта тиклаш билан боғлиқ бошқа масалаларда ёрдам берилди.
Шунингдек, тижорат банклари раҳбарлари билан биргаликда учта туманда 2000 га яқин янги иш ўринларини яратишга мўлжалланган боғдорчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида 170 та лойиҳани молиялаштиришнинг очилиши бўйича иш олиб борилди. Ушбу лойиҳалар пакетини шакллантиришда истиқболли соҳалар ва тармоқларда фойдаланилмаётган захираларни максимал иқтисодий самара билан қамраб олиш мақсадида ҳар бир туманнинг қишлоқ хўжалиги ва саноат салоҳияти ҳисобга олинди.
Зарар кўрган ва мавжуд инфратузилмани тиклаш ва мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди – Жондор, Когон, Қороулбозор, Ромитан, Пешку, Бухоро туманларида ичимлик суви таъминоти тизимларини ривожлантириш, шунингдек, Қоракўл, Олот, Ғиждувон, Ромитан ва Қороулбозор туман марказларида оқова сув тизимларини қуришга йўналтирилган лойиҳаларни шакллантириш ишлари амалга оширилди.
Шунингдек, Осиё инфратузилма инвестициялари банки билан Бухоро вилоятида минтақавий, давлат ва халқаро аҳамиятга эга автомобил йўлларини реконструкция қилиш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш масалалари келишиб олинди.
Барча ишлаб чиқилган механизм ва кўрсатмалар ижро этиш, шунингдек, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва янги корхоналарни ишга тушириш муддатлари белгиланган ҳолда тегишли идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари таркибидан аниқ ижрочилар ўртасида тақсимланди.
Ушбу чора-тадбирлар ва кўрсатмаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини назорат қилиш Бош прокуратура томонидан қатъий ва мунтазам мониторинг тизими орқали амалга оширилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги