МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлиси бошланди
Ўзбекистон Республикасининг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислиги доирасида видеоконференцалоқа шаклида Ҳамдўстликка аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси бошланди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов раислигида ўтаётган мажлис ишида Арманистон, Беларусь, Moлдoвa, Озaрбaйжoн, Қирғизистoн, Қозoғистoн, Рoссия, Toжикистoн вa Tуркмaнистoн ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ҳамда МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев иштирок этмоқда.
Taдбирни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов очди. МДҲ тарихида ташқи ишлар вазирларининг илк бор видеоконференция шаклида ташкил этилган мажлиси иштирокчиларини қутларкан, мамлакатимиз ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари тез орада коронавирус пандемияси туфайли юзага келган мураккаб вазият ортда қолиб, юзма-юз кўришиш насиб этишига ишонч билдирди. Шунингдек, мажлис қатнашчиларини Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги байрами билан яна бир бор табриклади. Мамлакатимизда ушбу тадбирга ҳукумат даражасида эътибор қаратилгани, хусусан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббуси билан Тошкент шаҳрида ғоявий, меъморий ечими билан бетакрор, мазмунан ўзига хос Ғалаба боғи барпо этилгани ҳақида қисқача маълумот берди.
А.Комилов шундан кейин кун тартибини эълон қилиш учун сўзни МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедевга берди.
Мажлис давомида халқаро кун тартибининг ва Ҳамдўстлик форматидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиш, МДҲ доирасида 2019 йилга мўлжалланган кўп даражали вазирликлараро маслаҳатлашувлар режасининг бажарилиши ва 2020 йил учун режани тасдиқлаш, шунингдек, коронавирус тарқалишига қарши биргаликда курашиш муаммолари муҳокама қилинмоқда.
Мажлис якунида қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ, Фарҳод АБДУРАСУЛОВ (фото), ЎзА
Манба: ЎзА