МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ташаббуси билан илк бор видеоконференция шаклида ташкил этилган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Тадбирга мамлакатимиз ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов раислик қилди.
Мажлис ишида Арманистон Республикаси ташқи ишлар вазири Зограб Мнацаканян, Беларус Республикаси ташқи ишлар вазири Владимир Макей, Молдова Республикаси ташқи ишлар вазири ва Европа интеграцияси вазири Олег Цуля, Озарбайжон Республикаси ташқи ишлар вазири Элмар Мамедяров, Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди, Россия Федерацияси Республикаси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин, Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ҳамда МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев иштирок этди.
Йиғилиш қатнашчилари фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан бир-бирларини табрикладилар. Ҳамдўстлик давлатлари халқларининг фашизмга қарши курашдаги метиндек бардоши ва мислсиз иродаси эътироф этилди. Уруш ва фронт орти фахрийларига самимий ғамхўрлик қилиш, тинчлик учун ўз жонини берганлар хотирасини абадий сақлаш зарурлиги таъкидланди.
Ҳамдўстлик ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари халқаро кун тартибининг ва МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларини, халқаро ва минтақавий ишларда ташкилот роли ва ўрнининг жорий ҳолати, уни кучайтириш истиқболларини кўриб чиқдилар, шунингдек қатор ташкилий масалаларни муҳокама қилдилар.
Томонлар карантин чекловлари шароитида савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги барча мавжуд ва йўлга қўйилган ҳамкорлик механизмларини сақлаб қолишнинг ҳамда МДҲ эркин савдо ҳудуди тўлақонли ишлашини таъминлаш муҳимлигини қайд этдилар.
Делегациялар раҳбарлари коронавирус пандемияси оқибатларини бартараф этишда Ҳамдўстликка аъзо давлатлар саъй-ҳаракатларини бирлаштириш долзарблигини таъкидладилар.
Ташқи сиёсат идоралари ўртасида МДҲ давлатлари ҳудудида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш жабҳасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда инвестиця, транспорт, инновация, спорт ва ёшлар сиёсати соҳаларидаги ҳамкорликни янада кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳамдўстлик халқлари ҳаёти фаровонлиги ва сифат даражасини кўтариш мақсадида яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва манфаатларни инобатга олишга асосланган ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
Иштирокчилар МДҲ ТИВ кенгашининг кейинги мажлисини шу йилнинг октярь ойида Тошкент шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги Ўзбекистон томони таклифини қўллаб-қувватладилар.
Мажлис якунларига кўра ҳамкорликнинг турли йўналишларида 11 та ҳужжат имзоланди, кун тартибининг барча масалалари бўйича ўзаро келишилган қарорлар қабул қилинди.
Ғайрат Хонназаров, Фарход Абдурасулов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА