Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги дунёнинг энг йирик аудит ва консалтинг компанияларидан бири билан ҳамкорликни йўлга қўйди
13 май куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Европанинг “Мазарс” (“Mazars”) аудит ва консалтинг компанияси ўртасида молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 февралдаги ПҚ-4611-сонли қарорида вазирликка МҲХСни чуқур ўрганишни муваффақиятли ва самарали жорий этиш, ўқитувчиларни унга мувофиқ ўқитиш, сертификатлаш ва олий ўқув юртларининг ўқув дастурларини аккредитация қилиш вазифалари берилган эди.
Ушбу вазифани бажариш мақсадида вазирлик томонидан бугун вазир ўринбосари У. Бегимқулов ҳамда “Мазарс” раҳбарлари С. Фреон, М. Aмфу, Л. Дьяконовава ва А. Эстебесовалар иштирокида видеоконференция кўринишида музокаралар бўлиб ўтди.
Музокаралар якуни бўйича қуйидаги йўналишлар бўйича тарафлар ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди:
Ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, шу жумладан уларни МҲХСга мувофиқ равишда ўқитиш ва сертификатлашда кўмаклашиш;
Ўқув дастурларини, шу жумладан қўшма дастурларни такомиллаштириш, шунингдек, ўқув жараёнига МҲХСни чуқур ўрганишни жорий этиш;
Бошқарув ҳисоби ва молиявий моделлаштириш масалаларида, шу жумладан ўқув юртларининг ўзини-ўзи молиялаштиришга ўтиш даврида кўмаклашиш;
Қўшма семинарлар, конференциялар, ўзаро ташрифлар ва бошқа тадбирларни ташкил қилиш орқали мутахассислар ва экспертлар ўртасида тажриба ва маълумот алмашиш.
Маълумот учун, “Мазарс” компаниясига 1945 йилда Францияда асос солинган, у Европанинг энг йирик аудит ва консалтинг компанияларидан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда компания дунёнинг 91 та давлатида фаолият олиб боради ва бутун дунё бўйлаб 40 мингдан ортиқ ходимларга эга.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги