ЕХҲТ Сирдарёга саховат юки жўнатди
“Сардоба” сув омборидаги ўпирилиш оқибатида юзага келган тошқиндан азият чеккан фуқароларга хайр-саховат кўмаклари келиши давом этмоқда. Сирдарё вилоятига жўнатилган бу галги инсонпарварлик ёрдами Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири ЎзА манбасига асосланиб.
Европадан келган нуфузли делегация аъзоларини вилоят ҳокимининг ўринбосари Д.Мадримов ҳамда вилоят прокурори Р.Машарипов кутиб олди.
Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан юборилган инсонпарварлик ёрдамида кўрпа-тўшак, иссиқ чойшаблар, болалар учун тагликлар, бир марта ишлатиладиган идиш-товоқлар, тиш пастаси, совун, шампун, антибактериалогик суюқлик, ювиш-чайиш воситалари, гигиена ва антисептик воситалардан иборат жами 300 миллион сўмликка яқин маҳсулотлар Сирдарё вилояти “Дори-дармон” масъулияти чекланган жамиятига қарашли очиқ турдаги божхона омборига туширилди.