Ўзбекистон ва Туркманистон: ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида
Жорий йилнинг 13 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари − инвестициялар ва ташқаи савдо вазири С.Умурзаков Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари – Туркманистон ташқи ишлар вазири Р.Мередов билан видеоконференцалоқа орқали музокаралар ўтказди.
Учрашув давомида савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Хусусан, 2020 йилнинг иккинчи ярмида Тошкентда икки томонлама ҳамкорлик масалаларини биргаликда ҳал этиш учун самарали платформа сифатида ўзини кўрсатган савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ҳамда Ўзбекистон-Туркманистон ишбилармонлик Кенгашининг биринчи йиғилишини ўтказиш долзарблиги таъкидланди.
Ўзбекистон-Туркманистон чегарасида чегара савдо зоналарини яратиш масалалари кўриб чиқилди, бу эса икки мамлакат бозорларида талабга эга қишлоқ хўжалиги ва маиший техника, озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари ҳамда нефт-кимё маҳсулотлари етказиб бериш орқали товар айланмасини сезиларли даражада ошириши мумкин.
Маълумот учун: 2019 йил якунлари бўйича Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги товар айланмаси 78 фоизга кўпайди, сўнгги уч йил мобайнида эса ўзаро савдо ҳажми 3 баробардан зиёд ошди.
Углеводород хом ашёси конларини ўзлаштириш, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ва қурилиш материалларини биргаликда ишлаб чиқаришни ташкил этиш соҳаларида инвестиция ва саноат ҳамкорлигининг йирик истиқболлари ҳам қайд этилди.
Бундан ташқари, томонлар икки мамлакатда халқаро конференциялар, форумлар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш орқали маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Музокаралар якунида муҳокама этилган йўналишлар доирасида ўзаро манфаатли лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриш ва амалга ошириш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузиш бўйича келишувга эришилди.