Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг расмий баёноти
Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятидаги сув омбори қурилишига «Ёзёвон чўллари» табиат ёдгорлиги ҳудудидан қум олинаётгани, табиат ёдгорлигига жиддий зарар етказилиб, унинг ҳудудида яшовчи ноёб ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг қисман йўқолишига олиб келиши ҳақида ахборотлар ёритилмоқда.
Мазкур масала Давлат экология қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилди.
«Ёзёвонмахсуссувқурилиш» ДУК қурилиш объектида фойдаланиш учун “Марказий-Фарғона” қум конининг 5-участкаси ҳудудидан саноат усулида қум қазиб олиш масаласи кўтарилган.
Ушбу масала ўрганиб чиқилиб, Давлат экология қўмитасининг 2020 йил 22 апрелдаги хатига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига дастлабки хулоса киритилган. Хулосада “Кон участкасида қолган қум захирасини Давлат геология қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва “Ёзёвонмахсуссувқурилиш” ДУК иштирокида жойига чиқиб ўрганиш мақсадга мувофиқлиги маълум қилинган.
Шуни инобатга олиб, 2020 йил 7 май куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Фарғона вилояти бошқармасининг 4 нафари мутахассиси, «Давсувхўжаликназорат» давлат инспекцияси инспектори, “Узгидротехник” МЧЖ директори ўринбосари, Фарғона давлат ўрмон хўжалиги ўрмон устаси иштирокида “Марказий-Фарғона” қум конининг 5-участкасида ўрганиш ўтказилди.
Мазкур участка “Ёзёвон чўллари” табиат ёдгорлиги ҳудудида жойлашган бўлиб, 105.7 гектар майдонни эгаллайди. “Ёзёвон чўллари” табиат ёдгорлиги Марказий Фарғонанинг Ёзёвон ва Қўштепа туманларининг шимолий-ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, хали ўзлаштирилмаган, ўзига хос ноёб ландшафти шаклланган биологик тизимга эга, бу ердаги экологик тизим асрлар давомида ташкил топган ва ривожланган.
Табиат ёдгорлигидаги ўсимлик дунёсининг 188 туркумга оид бўлган 302 хилдаги ўсимлик тури шу жумладан 5 турдаги дарахтлар, 24 турдаги буталар ва 10 турдаги чала буталар, 98 турдаги кўп йиллик ўтлар, 165 турдаги бир йиллик ўтларни ташкил қилади. Ёдгорлик ҳудудидаги ўсимликларнинг 91 тури шифобахш 81 тури эса бегона ўтларни ташкил қилади.
Ишчи гуруҳининг хулосасига асосан қум заҳираларини ўзлаштириш натижасида Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган кўплаб ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг йўқолиб кетишига ёки камайиб кетишига ҳамда мазкур ҳудудда ер ости сизот сувлари кўтарилишига сабаб бўлиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда ушбу ҳудудда қазиш ишларини олиб бормаслик мақсадга мувофиқ деб топилди.
Ишчи гуруҳнинг юқоридаги хулосаси 2020 йил 12 май куни қўмита хати орқали Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилди.
Ўз навбатида Давлат экология қўмитаси алоҳида ишчи гуруҳ тузиб “Ёзёвон чўллари” табиат ёдгорлиги ҳудудида қум қазиб олишга йўл қўймаслик юзасидан назорат ишларини олиб бормоқда, жумладан, 2020 йил 15 май куни назорат тадбирлари амалга оширилди ва табиат ёдгорлиги ҳудуди қатъий назоратга олинди.
Давлат экология қўмитаси мазкур масалани жамоатчилик эътиборига ҳавола қилган экофаоллар ва блогерларга ўз миннатдорчилигини билдиради.
Бундан буён ҳам экофаоллар ва блогерлар билан ҳамкорликни давом эттирилишини маълум қилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси