Оилавий муаммолар жойида ўрганилди
Оилани муқаддас қўрғон, хотин-қизларни жамиятимиз фариштаси, деймиз. Ана шу қўрғоннинг метиндек мустаҳкамлиги, жамиятимиз фаришталарининг янада соғлом, тўкин ва бахтли ҳаёт кечириши жойларда оилалар-у, хотин-қизларга қаратилаётган эътиборга бевосита боғлиқдир.
Аёл зоти борки, дардини кўп ҳам достон қилишни ёқтирмайди. Дарду-ташвишларини эгнида елкалаб юраверади. Лекин, чорасиз қолганида кўмак илинжи билан ўзига энг яқин суянчиғ, деб биладиган инсон ёки идорага мурожаат этиши, ёрдам, маслаҳат кутиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Элмира Боситхонова Сурхондарё вилояти маҳалларида бўлиб, ижтимоий муаммоларга дуч келиб қолган, турмушда қийинчиликларга учраган аёллардан ҳам хол-аҳвол сўради. Уларнинг муаммоларини тинглаб, жойида ҳал этишга кўмаклашди.
Бу сафарги учрашув Бойсун туманидаги Дарбанд маҳалласидан бошланди. Шу маҳаллада яшайдиган Г.Абдуллаеванинг мурожаати асосида ун ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди. Турли пишириқ тайёрлашга мўлжалланган мини печ олиб берилди. Л. Тўхтамуродованинг оиласини моддий қўллаб-қувватлашни сўраган мурожаати ўрганилиб, ун ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, мини печ топширилди. Тикувчиликка бўлган қизиқиши сабабли тикув машинаси туҳфа қилиниб, бандлиги таъминланди.
Шеробод туманидаги Олтин воҳа маҳалласида истиқомат қиладиган Н. Атамуродованинг ҳозирги синовли кунларда бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларига эҳтиёж сезиб қолгани ва уйини таъмирлашга имкон тополмаётгани ҳақидаги мурожаати ҳам жойида ўрганиб чиқилди. Мазкур оилага саховатпеша тадбиркор томонидан зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Маҳалладаги жамоатчилик ишига қабул қилинди. Субсидия ажратилган ҳолда иссиқхона қуриб бериш режалаштирилди. Уйини таъмирлаб бериш учун маҳалла томонидан ҳомий бириктирилди.
Шу маҳаллада яшовчи Г.Хўшбақова ҳам рўзғорида озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилиги ҳамда ўғлини ички ишлар лицейига ўқишга жойлаштиришга кўмаклашишни сўраб, мурожаат этган. Озиқ-овқат маҳсулотлари топширилган хонадонда осойишталик посбони бўлишни орзу қилиб камолга етаётган фарзандни ички ишлар идоралари лицейига ўқишга киришига йўналтириш маҳалла фуқаролар йиғини раисининг хавфсиз маҳалла фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича ўринбосари зиммасига юкланиб, ҳужжатларни тайёрлаш, топшириш жараёнларини тушунтириш топширилди.
Ҳудудлардан Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг “Хотин-қизлар муаммолари бўйича 1211 рақамли қисқа ишонч телефони” (Call-center)га мурожаат қилган аёллар дарду-ташвиши тингланиб, ечим топилгач, Бойсун туманидаги 39 та, Шерободдаги 48 та маҳалла раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарларига ўқув-семинар ташкил этилди. Уларга мазкур йўналишларда амалга оширилиши керак бўлган муҳим вазифалар атрофлича тушунтирилиб, тавсиялар берилди.
Тадбирнинг иккинчи куни Денов туманида Узун, Сариосиё, Денов, Шўрчи, Олтинсой ва Қумқўрғон тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари учун “Хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан ишлаш, хотин-қизлар ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича ишларни тизимли ташкил этиш” мавзуида семинар ўтказилди.
–Ҳар бир оила фаровонлиги ва оилавий қадриятларимизга, хотин-қизлар муаммоларига бефарқ бўлишга ҳеч биримизнинг ҳақимиз йўқ, – деди Э.Боситхонова. – Бу жараёнда жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, юзага келаётган муаммоларни эрта аниқлаб, ўз вақтида ҳал этиш орқалигина аҳолининг бизга бўлган ишонч ҳиссини янада мустаҳкамлашимиз мумкин. Бунинг учун маҳалла раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари фаолиятини кўпроқ жонлантириш керак. Улар атрофига кайвони хотинларни йиғиб, ишларни ташкил этиши, ҳар бир хотин-қиз билан боғлиқ масалаларни ўрганиши лозим. Бунинг натижасида муаммолар камайиб, турмуши ўзгаради. Ҳаётида туб бурилиш бўлади.
Семинарда шунингдек, хотин-қизлар билан ишлашда иш дафтарини юритиш, кунлик ахборот алмашинувини тизимли йўлга қўйиш ва бошқа муҳим масалалар юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари “Халқаро Оила куни” муносабати билан Денов туманидаги Буюк келажак маҳалласида аҳил ва тўкин яшаб, томорқадан оқилона фойдаланаётган меҳнат фахрийси Раҳмат Хўжаев ва Ибн Сино номли маҳаллада истиқомат қилаётган тадбиркор аёл Зулфия Раҳматуллаевалар оиласида бўлиб, уларнинг турмуш тарзи билан танишди. Ҳаётий тажрибаларини тинглади. Оила куни билан табриклаб, вазирликнинг эсдалик совғалари ва сертификатларини топширди. Тикувчилик ва ҳунармандчиликни йўлга қўйиб, маҳалладаги ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бор 12 оиланинг бандлигини таъминлаган тадбиркор аёлнинг тажрибасини оммалаштириш зарурлигини тавсия этди.
Э.Боситхонова Денов ва Узун туманларидан Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг “Хотин-қизлар муаммолари бўйича 1211 рақамли қисқа ишонч телефони” (Call-center)га мурожаат қилган ҳамда ҳаётда айрим муаммоларга дуч келган аёллар билан учрашиб, оилавий шароитини ўрганди. Жумладан, Денов туманидаги Саноатчилик маҳалласида яшайдиган Умида Бобоқуловага озиқ-овқат маҳсулотлари берилиб, бандлигини таъминлаш учун замонавий тикув машинаси топширилди. Сўфи Оллаёр маҳалласилик Лайло Бўриевага ҳам тикув машинаси туҳфа қилиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Узун туманидаги Уланқул маҳалласидан мурожаат этган Гулнора Болтаева ўртага ташлаган масала маҳалла биносида ўз ечимини топди. Г.Болтаева қизини тумандаги Хурсанд маҳалласига турмушга узатган. Бир фарзандли бўлган қизининг яқинда тоби қочиб, касалхонага тушиб қолган. Шу ерда иккинчи фарзанди дунёга келган. У шифохонага тушгач, қудалар келиндан хабар ҳам олмаган. Фарзандли бўлгач, касалхонадан чиққанида уйларига ҳам олиб кетмаган. Ёш оиланинг ажрим ёқасига келиб қолаётганидан жиддий ташвиш чеккан Г.Болтаева ёрдам сўраб, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг “Хотин-қизлар муаммолари бўйича 1211 рақамли қисқа ишонч телефони” (Call-center)га мурожаат этган.
Ушбу масала маҳалла фаоллари, келин ва унинг ота-онаси, куёв ва унинг отаси, туман имоми ва бошқа мутасаддилар иштирокида муҳокама этилди. Ёш келин-куёв ва уларнинг ота-оналарига оиланинг муқаддас қўрғон экани ҳамда унга дарз етказишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги ётиғи билан тушунтирилиб, муаммо ҳал этилди. Оила сақлаб қолинди.
Кичик жончекка маҳалласилик боқувчисини йўқотган Шарофат Норбоеванинг оилавий ҳаёти ўрганилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ва мини печ топширилди. Тўрт фарзандни тарбиялаётган аёлнинг тўрт фарзанди бор. Кичиги беш, каттаси 17 ёшда. Катта фарзанди ногирон.
– Бу аёл уй-жой масаласида ҳам мурожаат этган, – дейди вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари М. Қобулова. – Бу масала ҳар тарафлама ўрганилиб, Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан уй-жойнинг 25 фоиз маблағи ажратилмоқда. Қолган маблағ ҳомийлик асосида жалб этилиб, янги уй қуриб бериш режалаштирилаётир. Оилани камбағалликдан чиқариш учун яқинда тўрт қути асалари ҳам берилди.
Янги рўзғор маҳалласида яшайдиган ногиронлиги бор Фотима Ботирова ҳам боқувчисини йўқотган. Икки ўғилни тарбияламоқда. Уларнинг кичиги келажакда ҳарбий, каттаси тадбиркор бўлишни орзу қилиб, камолга етаётир. Суҳбат чоғида Ф.Ботирова соғлигидан шикоят қилиб, бошида жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун моддий томондан қўллаб-қувватлашни сўради. Шу ернинг ўзида туман тиббиёт бирлашмаси мутасаддилари карантин қоидалари тугаши билан Самарқанд шаҳридаги тиббий клиникада даволаниши учун ёрдам кўрсатишни ўз зиммасига олди. Туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими маҳаллий ҳокимлик кўмагида маблағ масаласини ечадиган бўлди.
Учрашувларда оилаларда соғлом турмуш тарзига риоя этиб, тиббий маданиятни юксалтириш бўйича ҳам тавсиялар билдирилди.
Шу куни Э.Боситхонова “Халқаро Оила куни” муносабати билан “Ўзбекистонда оилани ижтимоий-демографик ривожлантиришнинг асосий омиллари” мавзуига бағишлаб онлайн шаклда ўтказилган республика илмий-амалий анжуманида Денов туманидан иштирок этиб, тадбир қатнашчиларини табриклади. Қатор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, сенаторлар, таниқли олимлар, йигирмага яқин олий таълим муассасалари професор-ўқитувчилари маъруза ва илмий мақолалари билан иштирок этган нуфузли анжуман ишига омад, уларнинг маҳалла ва оилаларни янада мустаҳкамлаш йўлида олиб бораётган эзгу ишларига муваффақият тилади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ
Манба: ЎзА