Тошкентдан Бухорога тезюрар поезд жўнаб кетди
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар билан Тошкент шаҳри ўртасида карантин талабларига қатъий риоя қилган ҳолда транспорт қатновини тиклаш бўйича топшириқ берган эди.
Республика махсус комиссияси маҳаллий йўналишларда темир йўл ва авиақатновларини йўлга қўйишнинг вақтинчалик тартибини тасдиқлади.
Унга кўра, 18 майдан эътиборан Тошкент шаҳридан Нукус, Урганч Термиз шаҳарларига самолётлар, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарлари ва Фарғона водийсига поездлар қатнови қайта тикланмоқда.
Бугун эрта тонгдан Тошкентдан Бухорога “Afrosiyob” тезюрар поезди жўнаб кетди.
Қарийб икки ойлик танаффусдан сўнг қайта тикланган поездларга чиқишда йўловчилар санитария-эпидемиологик осойишталик маркази томонидан коронавирус инфекциясига тест таҳлиллари олинганига 120 соатдан кўп бўлмаган ва таҳлил натижаси манфий экани ҳақидаги маълумотномага эга бўлиши керак. Вокзал ҳудудига ва вагонга кирганда барча йўловчилар бир марталик ҳимоя ниқоби, қўлқопда бўлиши шарт. Йўловчилар вагонларга ижтимоий масофани сақлаган ҳолда жойлаштирилади.
Поездларга электрон чипталар онлайн тарзда сотилмоқда.
Шунингдек, бугун пойтахтдан Қарши шаҳрига “Afrosiyob” тезюрар поезди ва Фарғона водийсига йўловчи поезди ҳам йўлга чиқади.
Нурилло НАСРИЕВ, Муҳаммад АМИН (фото), ЎзА
Манба: ЎзА