Ўзбекистон-Туркия ҳарбий текстиль ишлаб чиқариш қўшма корхонаси Сирдарёга хайрия маблағи ажратди
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси кейинги йилларда мамлакат мудофаа саноати комплексини ривожлантириш йўналишида чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш ва манфаатдор хорижий шериклар билан кооперация алоқаларини йўлга қўйиб келмоқда.
Хусусан, Туркия Республикасининг “Barer Holding” компанияси билан Тошкент вилоятида ҳарбий текстиль саноатини йўлга қўйиш
ва икки мақсадга мўлжалланган текстиль маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган қўшма корхона барпо этилмоқда.
Куни кеча Туркиянинг “Barer Holding” компанияси раҳбарияти ҳамкорликдаги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш билан бир қаторда Сирдарё вилоятининг “Сардоба сув омбори” тўғони бузилиши ва сув тошқини юзага келишидан жабр кўрган маҳаллий аҳолига кўмак бериш мақсадида 250 минг доллар миқдорида хайрия маблағи ажратди.
“Сирдарё вилоятининг Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин тумани аҳолисига чин дилдан ҳамдардлик билдираман. Ўзбекистон ҳукумати ва фуқаролари ушбу фалокат оқибатларини бартараф этиш учун тезда сафарбар этилди. “Barer Holding” компанияси бу офатдан зарар кўрган оилаларни қўллаб-қувватлашдан фахрланади, — дейди холдинг компания президенти Октай Эрджан, — Компания раҳбарияти оғир кунларда Сирдарё халқи билан бирга эканлигини изҳор этади: талафотлар тез кунларда бартараф этилишига ва Сирдарё халқи тез орада ўзининг фаровон турмуш тарзига қайтишига ишонади”.
Манба: ЎзА