Халқаро валюта жамғармаси Директорлар кенгаши Ўзбекистон Республикасига 375 млн АҚШ доллари эквивалентидаги имтиёзли кредит маблағлари ажратилишини маъқуллади
2020 йилнинг 18 майида Халқаро валюта жамғармасининг (кейинги ўринларда - ХВЖ) Директорлар кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикасига Коронавирус пандемиясининг мамлакат иқтисодиётига салбий таъсирларини юмшатиш мақсадида 375 млн АҚШ доллари эквивалентидаги имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши маъқулланди.
Маълумот учун: Имтиёзли кредитлар ўз ичига 10 йиллик муддат билан (5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда) 125 млн АҚШ долларига тенг фоизсиз тезкор кредитлаш линияси (Rapid Credit Facility) ва 5 йиллик муддат билан (3 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда) фоиз ставкаси йиллик 1,05 фоизга тенг бўлган 250 млн АҚШ доллари миқдоридаги тезкор молиялаштириш инструментини (Rapid Financing Instrument) олади.
Мазкур маблағлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши кураш жамғармасига коронавирус пандемияси ва глобал инқирознинг салбий таъсирини юмшатиш чораларини молияштириш учун йўналтирилади.
Анъанага кўра, ХВЖ қарзларни тақдим этиш жараёнида давлат қарзига хизмат кўрсатиш хатарларини ҳамда мамлакатдаги макроиқтисодий ҳолатни таҳлил қилади. ХВЖ томонидан эълон қилинган ҳисоботга кўра, Ўзбекистон Республикаси давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича юқори салоҳиятни сақлаб қолмоқда.
ХВЖнинг мақроиқтисодий ҳолат бўйича прогнозлари қуйидагиларни ўз ичига олади:
- иқтисодий ўсишнинг 1,5% гача пасайиши;
- фискал тақчилликнинг ЯИМга нисбатан 4,1% гача ошиши, шу жумладан соғлиқни сақлаш тизимига ажратилаётган ҳаражатларнинг, ижтимоий кўмак учун тўловлар ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бошқа харажатлар ошган даврда солиқ имтиёзларининг тақдим этилиши;
- экспорт тушумларининг ҳамда халқаро пул ўтказмаларининг миқдори сезиларли даражада қисқариши оқибатида тўлов балансининг жорий операциялари бўйича тақчиллигининг ЯИМга нисбатан 10% гача ошиши.
ХВЖ ҳисоботида сўнгги 3 йилда республикада олиб борилаётган ислоҳотлар бўйича ютуқлари алоҳида таъкидланган. Хусусан, йиллар давомидаги иқтисодий изоляциядан сўнг валюта сиёсати, ташқи савдо, тартибга солинадиган нархларнинг либераллаштирилиши, статистик маълумотларни очиқлиги ва сифатининг ошиши, давлат молияси статистикаси ва давлат бюджети операциялари иқтисодий классификациясининг халқаро меъёрларга келтирилиши, солиқ ислоҳотлари амалга оширилиши ҳамда биринчи маротаба давлат бюджетининг республика парламенти томонидан маъқулланиши қайд этилган.