Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида имтиёзли савдо тўғрисидаги Битимни имзолаш шартлари бўйича 5-тур музокаралари бўлиб ўтди
Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигида Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида имтиёзли савдо тўғрисидаги Битимни имзолаш шартлари бўйича видеоконференция орқали 5-тур музокаралари бўлиб ўтди. Мамлакатлар томонидан тегишли вазирлик ва идораларнинг малакали мутахассисларидан иборат делегациялар иштирок этди.
Томонлар имтиёзли савдо тўғрисидаги Битим Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил феврал ойида Туркияга амалга оширган ташрифи давомида икки мамлакатлар ҳукуматлари томонидан эришилган келишувларда белгиланганидек, ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард долларга оширишнинг муҳим ва самарали воситаси эканини қайд этди.
Битимни имзолашнинг мақсади икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари ва экспортчилари учун янада қулай савдо шароитларини яратиш орқали савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат.
Хусусан, муайян буюмларга нисбатан божхона божлари қўлланилмайди ёки уларнинг ставкаси сезиларли даражада пасайтирилади.
Музокаралар ўтказилиши ишлаб чиқилган Битим лойиҳаси моддаларини ҳар томонлама кўриб чиқиш, шунингдек, ўзаро савдо операцияларида имтиёзли савдо режими қўлланилиши режалаштирилаётган Ўзбекистон ва Туркияда ишлаб чиқарилган товарларнинг рўйхатларини батафсил ўрганиш имконини берди.
Шунингдек, Битимнинг айрим бандлари юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилиб, улар асосида ҳужжатга тузатишлар киритилди.
Шу билан бирга, турк томони Туркия савдо вазирлиги Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кириши учун зарур техник ёрдам беришга, шу жумладан, демпингга қарши ва компенсация божларини, ҳимоя чораларини қўллаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини субсидиялаш механизмлари масалалари бўйича маслаҳат беришга тайёр эканлигини билдирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги