Олимларимиз Ўзбекистондаги беморларнинг SARS-CoV-2 коронавируси штаммлари генини аниқладилар
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази олимлари Ўзбекистондаги беморларда аниқланган SARS-CoV-2 коронавирусининг бир нечта штаммларининг ДНК кетма-кетлигини аниқладилар.
— Генотип таҳлили (генотиплаш) SARS-CoV-2 геномининг асосий қисмидаги мутацияларни аниқлаш учун муҳим воситадир, — дейди Илғор технологиялар маркази директори ўринбосари Алишер Абдуллаев. — Маълумки, коронавирус ўзининг таркибий оқсилларини кодлайдиган генларга эга. Ушбу таркибий оқсиллар келажакда вакциналарнинг потенциал нишонига айланади. Шунинг таркибий оқсилларнинг ўзгаришига олиб келадиган вирусли РНК генларининг нуклеотидлар кетма-кетлигидаги ҳар қандай ўзгаришларни вакцина ишлаб чиқишдан аввал аниқлаб олиш жуда муҳимдир.
Бундан ташқари, маълум бир турдаги мутацияга учраган штамм кўпроқ тарқалган баъзи мамлакатларда глобал вакцинанинг самарадорлигини башорат қилиш учун генотиплаш маълумотларидан фойдаланиш мумкин. Шунинг учун ҳам Илғор технологиялар маркази олимлари томонидан тизимли генларнинг таҳлил қилиниши ўта муҳим саналади.
—Биринчи босқичда SARS-CoV-2 коронавирусининг муҳим таркибий гени бўлмиш – N геннинг нуклеотид кетма-кетлигини аниқладик, — давом этади А.Абдуллаев. — Дастлабки таҳлил шуни кўрсатдики, нуклеотидлар позицияларидаги генлар кетма-кетлиги Уханда аниқланган коронавирус штаммининг референт геномидан фарқ қилади. Маълумотларнинг қиёсий таҳлили эса SARS-CoV-2 коронавирусининг ушбу турдаги мутацияга эга штаммлари Европада кўпроқ учрашини кўрсатди.
Шифрланган нуклеотидлар кетма-кетлиги тўғрисидаги маълумотлар халқаро маълумотлар базаси — Миллий биотехнологик ахборот марказига (NCBI) жойлаштирилган. Унда дунёнинг турли мамлакатларидаги турли организмлар тўғрисидаги маълумотлар илмий жамоатчилик учун очиқ тарзда сақланади. Келгусида Илғор технологиялар марказининг олимлари вирус юқтирган беморлардан тўпланган катта миқдордаги биологик материалларни таҳлил қилишни режалаштирмоқдалар. Мазкур таҳлил ва унинг натижалари Ўзбекистонда коронавирус штаммларининг тарқалиши даражаси, мазкур штаммларнинг касалликка чалинтириш ва ўлим ҳолатига олиб келиш хусусиятлари ва патогенлиги тўғрисида маълумотларни тўплаш имконини беради.
Халқаро маълумотлар базасига ҳаволалар:
https://www.ncbi.nlm.nih.gov/nuccore/MT447189
https://www.ncbi.nlm.nih.gov/nuccore/MT447188
https://www.ncbi.nlm.nih.gov/protein/1839416260
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги