Адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қатор вазифалар белгиланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Адлия вазирлиги манбасига асосланиб.
Унга кўра, 2020–2024 йилларда адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш концепцияси тасдиқланди.
Адлия вазирлигига:
- давлат бошқаруви тизимини функционал таҳлил қилган ҳолда вазирлик ва идораларнинг камида 10 та функцияларини нодавлат секторга ўтказиш бўйича таклиф киритиш;
- 2018–2019 йилларда янги (қайта) ташкил қилинган 8 та вазирлик ва идоралар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги фаолиятини ўрганиш;
- электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари улушини 12 фоизга етказиш;
- аҳолига Давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган янги хизматлар сонини 15 тага ошириш;
- нодавлат нотариат шаклига айлантирилган давлат нотариал идораларининг улушини 95 фоизга етазиш вазифалари юклатилди.
Шунингдек, қонунчиликни тизимлаштириш ва ортиқча ҳуқуқий тартибга солишни камайтириш мақсадида 2020 йил 1 июлдан 2021 йил 1 январгача идоравий меҳёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш тўхтатилади.
Вазирлик таркибида:
Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни ривожлантириш ҳамда Маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштириш ва мониторингини юритиш бошқармалари ташкил этилади.
Наманган шаҳри ва Қарши туманида синов тариқасида туман (шаҳар) адлия бўлимлари ҳузурида давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизматлар кўрсатиш марказлари ташкил этилади.
Вазирлик ҳузуридаги «Адолат» ҳуқуқий ахборот маркази, «Инсон ва қонун» газетаси таҳририяти ҳамда «Ҳуқуқ ва бурч» ижтимоий-ҳуқуқий журнали таҳририятини бирлаштириш йўли билан уларнинг негизида «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази ташкил этилади.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги директори лавозимини сақлаган ҳолда адлия вазири ўринбосари – Интеллектуал мулк агентлиги директори лавозими тугатилади;
Тошкент давлат юридик университетининг ректори лавозимини сақлаган ҳолда адлия вазири ўринбосари – Тошкент давлат юридик университетининг ректори лавозими тугатилади ва тегишинча адлия вазири ўринбосарлари лавозимлари киритилади.