РАСМИЙ БАЁНОТ: 21 май куни коронавирус аниқланган 39 фуқаронинг 28 нафари аҳоли орасида юрган
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:
– Мамлакатимизда коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар сони 3006 нафарга етди. Куни кеча 35 нафар, бугунги кунга қадар 2407 нафар, яъни 80 фоиз бемор тўлиқ соғайди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, шифохоналарда 586 бемор даволанмоқда, улардан 5 нафарининг аҳволи оғир.
44 мингдан кўпроқ фуқаро карантин тадбирлари билан қамраб олинган. Уларнинг 18 мингдан ортиғи стационар шароитда карантинга жойлаштирилган. 21 май куни 12 мингдан зиёд лаборатория текширувлари ўтказилди.
Ҳурматли юртдошлар!
Карантин тадбирлари давом этяпти. Карантин тадбирлари бирмунча юмшатилганидан тўғри хулоса чиқаришимиз керак. Куни кеча коронавирус аниқланган 39 беморнинг 28 нафари аҳоли орасидан қайд этилганини алоҳида таъкидламоқчимиз. Уларнинг 15 нафари Навоий вилоятида, 13 нафари Самарқанд вилоятида аниқланган. Ушбу беморлар билан мулоқотда бўлган юзлаб, минглаб одамлар кузатувга олинган, карантинга жойлаштирилган.
Биз бу ҳолатдан тўғри хулоса чиқаришимиз керак. Атрофимизда касалликка чалинганлар йўқлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Демак, сиз ҳам касалликка чалинишингиз, уйга олиб келишингиз, оила аъзоларингизга юқтиришингиз мумкинлигини зинҳор эсингиздан чиқарманг!
Олдимизда Рамазон ҳайити байрами. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб, хонадонма-хонадон юришлар жуда жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Агар вазият жиддийлашиб кетадиган бўлса, унда кўриладиган чоралар янада кескин, янада қаттиқ бўлади!
Манба: ЎзА