Туркиядан инсонпарварлик ёрдами келгани тўғрисида
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған ўртасида 22 апрель куни бўлиб ўтган телефон орқали суҳбат давомида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида, 2020 йил 22 май куни чартер рейси билан “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси самолёти Истанбул шаҳридан Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига келди.
Мамлакатимизнинг Анқарадаги Элчихонаси маълумотларига кўра, Туркия томони COVID-19 пандемиясига қарши курашда Ўзбекистонга ёрдам бериш учун 50 дона ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратини беғараз тақдим этди.
Ушбу инсонпарварлик ёрдами сўнгги икки ой ичида иккинчиси бўлиб, жорий йилнинг 23 апрель куни Ўзбекистонга Туркиядан 50 мингта ҳимоя ниқоблари, 200 мингта ҳимоя кийимлари ва шунча миқдордаги ҳимоя шлеми келтирилди.