Ўзбекистон ва Қозоғистон иқтисодий ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Жорий йилнинг 23 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков ва Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.Скляр раҳбарлигида видеоконференция шаклида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги иқтисодий шерикликни мустаҳкамлаш механизмларини муҳокама қилишга бағишланган кенгайтирилган ҳукуматлараро музокаралар бўлиб ўтди.
Шу нуқтаи назардан томонлар Халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик марказини (ХСИҲМ) ташкил этиш бўйича ташаббуснинг амалга оширилиши жорий ҳолатини ва мавжуд савдо тўсиқларини бартараф этиш бўйича олиб борилган изчил ишлар натижасида эришилган ютуқларни муҳокама қилдилар.
Шунингдек, белгиланган устувор йўналишлар доирасида икки мамлакат ўртасида саноат кооперациясини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Музокараларга қадар ушбу йўналишда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари биргаликда давомли ишларни олиб борди. Ушбу жараён Ўзбекистон тарафидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Қозоғистон тарафидан Саноат ва инфратузилмавий ривожланиш вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилган.
Идоралараро даражада биргаликда ўтказилган ўрганишлар давомида алоҳида тармоқлар ва секторларда ҳамкорликнинг мавжуд имкониятлари ва ўзаро шериклик истиқболлари пухта таҳлил қилинди. Натижада қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, енгил, фармацевтика ва озиқ-овқат саноатлари, чорвачилик, энергия тежовчи технологиялар ва қишлоқ хўжалиги соҳасида юқори технологияли қўшма корхоналар ташкил этиш бўйича 13 та иқтисодий асосланган инвестиция лойиҳаларидан иборат рўйхат шакллантирилди.
Видеоконференция якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида саноат кооперацияси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича ижро муддатлари ва масъуллари аниқ белгиланган тегишли “Йўл харитаси” маъқулланди. Томонлар келгусидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ўзларининг содиқлигини тасдиқлаб, келишилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни сезиларли даражада мустаҳкамлаш имконини беришига ишонч билдирди.