Андижон вилоятида икки йил ичида жами 16 та рақамли технологиялар ўқув маркази очилади
Андижон вилоятида “5 та муҳим ташаббус”нинг 3-доирасида аҳоли, шу жумладан ёшлар учун компютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ўргатишга мўлжалланган ҳамда замонавий инфратузилмага эга бўлган Андижон “Digital city” технопарки ташкил этилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида доимий равишда иш олиб бормоқда.
Ҳусусан, Андижон вилоятида жорий йил якунига қадар 6 та рақамли технологиялар ўқув маркази, 2021 йил якунига қадар барча шаҳар ва туманларда жами 16 та IT-Марказлар очилиши режалаштирилган ҳамда йилига 5 мингдан зиёд ёшларни ўқитиш ва ахборот технологиялари йўналишидаги ўқитувчиларнинг малакасини ошириш имконияти яратилади.
2020 йил якунига қадар вилоятдаги 764 ўрта умумтаълим мактаблардаги 19,2 минг нафар 7-11 синф ўқувчиларини “Бир миллион дастурчилар” (“One Million Uzbek Coders”) лойиҳаси доирасида ўқитиш ва ўқишни муваффақиятли якунлаган тингловчиларни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетига онлайн тизим (сиртқи) ўқишга қабул қилиш белгиланган.
Шунингдек, ўқувчиларнинг амалий кўникмаларини ошириш мақсадида Андижон “Digital city” технопарк резидентлари билан турли хил амалий машғулотлар, лаборатория дарслари ўтказилади, қўшма лойиҳалар, фриланс ҳамда стартап лойиҳаларини амалга ошириши режалаштирилган.
Усбу тадбирларни амалга ошириш натижасида 2022 йил якунига қадар Андижон вилояти бўйича АКТга истисослашган 4 мингдан зиёд малакали мутахассислар ва янги иш жойлари яратилади.
Маълумот учун: Андижон вилоятида жами 3,1 миллион аҳоли мавжуд. Шундан 8-30 гача бўлган ёшлар 1,2 миллион (39 фоиз) ташкил этади. Ҳозирда вилоят бўйлаб 764 мактабларда ахборот технологиялари йўналишида 1 228 нафар ўқитувчи фаолият олиб бормоқда ва мактабларда ташкил этилган 711 та тўгаракларда 48,5 минг тингловчи ўқитилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги