Доривор ўсимликлар кластерларидан умид катта
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида кластер тизими ташкил этилиши бир қатор йўналишлар қаторида фармацевтика саноатида ҳам доривор ўсимликларга бўлган талабни қондириш билан бирга, қайта ишлаш ҳажмини кўпайтириш ва қўшимча қиймат занжирини яратиш, соҳанинг экспорт потенциалини ошириш борасида кенг кўламли ишларга замин яратди.
Президентимизнинг 2020 йил 10 апрелдаги “Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳадаги яна бир тармоқнинг ривожланишига асос бўлди. Натижада ёввойи ҳолда ўсувчи ноёб доривор ўсимликларни сақлаш, маданий ҳолда кўпайтириш учун оналик майдонлари барпо этиш, кўчатчилиги ва уруғчилигини ташкил этиш бўйича вазифалар белгиланди.
Маълумотларга кўра, 2019 йил 11,5 минг гектар майдонда доривор ўсимликлар етиштирилган бўлса, жорий йил баҳор мавсумининг ўзида 1,3 минг гектар майдонда ички ва ташқи бозорларда харидоргир бўлган 37 турдаги бир йиллик ва кўп йиллик доривор ўсимликлар экилиб, парваришланмоқда.
Тошкент вилоятининг Қибрай туманида “Herbo-farm” кластери мазкур йўналишда ўз фаолиятини бошлаган. Унинг тасарруфидаги 8 гектар ер майдонида 5 турдаги доривор ўсимлик етиштирилмоқда. Келгусида махсус плантацияларни кенгайтириш ҳисобига доривор ўсимлик турларини 10 тага етказиш режалаштирилган. Шу билан бирга, кластер томонидан 3 турдаги шифобахш гиёҳ кўчатчилиги ҳам йўлга қўйилгани ихтисослашган фермер хўжаликлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга имкон яратди.
Шунингдек, Ўрта Чирчиқ туманида иш бошлаган "Healing herbs and organics" кластери тасарруфидаги 80 гектар ер майдонининг 15 гектарида стевия ўсимлиги, 45 гектарида итбурун наъматак, 5 гектар майдонда оддий шумрут каби доривор ўсимликлар кўпайтирилмоқда.
– Келгусида доривор ўсимликлар етиштириш ва унинг экспорти борасида етарлича тажрибамизни янада ошириб, мавжуд ер майдонларни 500 гектарга етказишни режалаштирдик, – дейди "Healing herbs and organics" кластери раҳбари Хабибжон Давлатов. – Натижада 50 та иш ўрни яратилади. Энг муҳими, нафақат доривор ўсимликлар хом ашёси етиштириш, балки уни қайта ишлаш бўйича амалий ишлар бошланганидир. Экилган стевиядан шакар ўрнини босувчи модда ажратиб олиш учун қайта ишлаш корхонасини қуриш ишларини бошлаганмиз. Келгусида корхона томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар қандли диабет беморлари учун шакар ўрнини босади. Шу билан бир қаторда, озиқ-овқат саноатида импорт қилинадиган шифобахш маҳсулотларни маҳаллийлаштириш имкони ортади.
Жиззах вилояти Бахмал туманидаги “Вmb trade group” компанияси ҳам фаолиятини кластер усулида бошламоқда. Улар Италия компанияси билан умумий қиймати 25 миллион евро миқдорида заъфарон (шафран) етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш бўйича инвестиция шартномаси имзолаган.
Лойиҳанинг асосий мақсади туман ҳудудида заъфарон ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш, махсус плантацияларни ташкил этиш ва уларни саноат усулида қайта ишлашни таъминлашдир. Шунингдек, юқори қўшилган қийматга эга бўлган экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириб, Италия ва Европанинг бошқа мамлакатларига экспорт қилиш мўлжалланган.
Бунинг учун Бахмал тумани ҳокимлиги томонидан “Тонготар” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан 400 гектар ер майдони ажратилди. Тез фурсатда ерлар экишга тайёрланиб, 200 гектарда Италиядан келтирилган заъфарон туганак пиёзлари экилади. Илк ҳосил шу йилнинг октябрь-ноябрь ойларида териб олиниши режалаштирилган. Ишни самарали ташкил этиш мақсадида хориждан малакали агроном, технолог каби мутахассислар жалб этилади.
Лойиҳанинг амалга оширилиши мамлакатимизда кенг миқёсда заъфарон етиштирилиши, фармацевтика корхоналари маҳаллий хом ашё билан таъминланиши ҳамда экспорт ҳажмини оширишда муҳим омил бўлиши кутилмоқда.
Манба: ЎзА