Электрон ҳисобварақ фактура – рақамли иқтисодиёт сари янги қадам
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан 2020 йил 1 январдан бошлаб хўжалик юритувчи субъектларнинг электрон ҳисобварақ фактура (ЭҲФ)дан тўлиқ фойдаланиши жорий этилгани тадбиркорларга қулайлик яратиб, рақамли иқтисодиётга ўтишда муҳим қадам сифатида қаралмоқда.
Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизматидан маълум қилишича, шу кунга қадар ҳудуддаги 3 минг 370 та тадбиркорлик субъекти электрон ҳисобварақ фактурадан фойдаланишга ўтган.
Ҳужжатларни қоғоз шаклда юритишдан воз кечиб, электрон ҳисобварақ фактуралардан фойдаланганда аввало вақт ва харажат тежалади. Маълумотлар хавфсиз сақланади, тўловлар тезлашади, тизим туну кун ишлайди, ҳисоботлар автоматлашади. Барча тадбиркорлик субъектлари ЭҲФдан фойдаланишга ўтса, қўшимча қиймат занжирининг узлуксизлиги таъминланади. Маркетинг таҳлили янада аниқлашади.
Рақамли иқтисодиётга ўтиш йўлидаги ушбу босқич вилоятдаги 4 минг 87 та қўшилган қиймат солиғи тўловчи субъектларга тадбиқ этилади.
Манба: ЎзА