Экспорт ҳажми ўтган йилга нисбатан ошди
Карантин билан боғлиқ мураккаб шароитга қарамасдан Тошкент вилоятида экспорт режаси муваффақиятли бажарилди. Хусусан, жорий йилнинг дастлабки беш ойида 180 миллион доллардан ортиқ маҳсулот экспорт қилиниб, белгиланган режа ортиғи билан уддаланди.
Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилмоқда. Қайд этилишича, вилоятда шу йилнинг январь-май ойлари учун 176,6 миллион доллар миқдорида экспорт режаси белгиланиб, бугунги кун ҳолатига 180,4 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.
Маълумотларга кўра, шу ой якунига кўра вилоят экспорт кўрсаткичи 110 фоизга бажарилиши кутилмоқда. Бу ўтган йилга нисбатан 125 фоизни ташкил этади.
Ўтган йили вилоятдаги экспортёр корхоналар томонидан 514 турдаги маҳсулот экспорт қилинган бўлса, жорий йилда 582 турдаги маҳсулот экспортга йўналтирилмоқда. Жумладан, бу йилги экспорт турларига этил спирти, маиший рўзғор буюмлари, турли хилдаги кўзойнаклар, гилам, аёллар ва эркаклар оёқ кийимлари, қурилиш материаллари ва газоблок маҳсулотлари қўшилди.
Экспортдаги маҳсулотлар улушига эътибор қаратиладиган бўлса, хомашё маҳсулотларига нисбатан тайёр маҳсулотлар улушининг ўсишини кўриш мумкин. Жумладан, хомашё экспорти ўтган йилга нисбатан 7 фоизга камайгани ҳолда, ярим тайёр маҳсулотлар экспорти 2 фоизга, тайёр маҳсулотлар экспорти 5 фоизга ошган. Бундан ташқари, сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳажми қарийб 17 фоизга кўпайган.
2019 йилда вилоят экспорт географияси 58 та ҳудуддан иборат бўлган бўлса, жорий йилда яна 4 та давлат – Португалия, Руминия, Аргентина ва Венгрия қўшилди.
Жорий йил вилоятда экспортни ривожлантириш борасида 90 дан ортиқ янги корхона экспортга жалб этилиб, жами экспортёр корхоналар сони 576 тага етди.
Манба: ЎзА