2020 йил Ўзбекистонда 3 мингдан ортиқ инвестиция лойиҳаси амалга оширилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида 26 май куни инвестиция масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
2020 йилги Инвестиция дастурига 3 мингдан ортиқ лойиҳа киритилган бўлиб, уларни амалга ошириш учун 235 триллион сўмлик инвестициялар, жумладан, 7 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий сармоялар ўзлаштирилади.
Мазкур сармояларнинг 34 фоизи нефть-газ, энергетика, тоғ-кон ва металлургия тармоқлари ҳамда 52 фоизи ҳудудий лойиҳаларга тегишли. Шу билан бирга, электротехника, кимё ва озиқ-овқат саноатида бу каби инвестицияларни бир неча баравар ошириш имконияти мавжуд.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига “ўсиш нуқтаси” бўла оладиган ахборот технологиялари, заргарлик, кимё, электр техникаси, олий таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларига фаол сармоялар жалб қилиш бўйича алоҳида ёндашувларни ишлаб чиқиш топширилди.
Бугунгача фақат хорижлик инвесторлар учун кўзда тутилган имтиёзлар энди маҳаллий хусусий сармоядорлар учун ҳам жорий қилинади. Мисол учун, хусусий инвестор ўз ҳисобидан 25 миллион доллардан ортиқ қийматдаги лойиҳа бошласа, ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари бюджет ҳисобидан қуриб берилади.
Шунингдек, чет элда яшаётган ватандошларимизни мамлакатимизга инвестиция киритишга рағбатлантириш ва улар билан доимий ишлаш механизми яратилади.
Халқаро молия институтлари кредитлари ҳисобига амалга ошириладиган 98 та лойиҳа бўйича маблағларни ўзлаштириш даражаси танқид қилинди.
Инвестиция дастури доирасида жорий йил 206 та йирик лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Улардан 39 тасида муддатдан кечикиш хавфи бор. Бу лойиҳаларнинг асосий қисми энергетика, тўқимачилик, электр техникаси, транспорт тармоқлари ҳамда Навоий, Наманган, Сирдарё ва Фарғона вилоятларига тўғри келади.