Афғонистонда тинчлик ўрнатилишининг асосий босқичлари ва истиқболлари
Сўнгги вақтларда Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласида янги ижобий жараёнлар пайдо бўлмоқда. Хусусан, АҚШ ва “Толибон” ҳаракати ўртасида тарихий тинчлик шартномаси имзоланди.
Охирги 20 йилда иккинчи маротаба муқаддас Рамазон ойи муносабати би-лан уч кунлик ўқ отишни тўхтатиш эълон қилинди. Расмий Кобул ва толибларўртасида ўзаро маҳбусларни озод этиш давом этмоқда. Узоқ вақт мобайнидаги беқарорликдан сўнг Афғонистонда сиёсий инқирозгабарҳам берилди, Ашраф Ғани ва Абдулла Абдулла ўртасида ҳокимият тақсимоти бўйича келишув имзоланди. Ўнлаб йиллар давом этган можаро ечимини топди, дейишга ҳали эрта, аммо мазкур муаммонинг ҳал этилишига умид қилиш учун асослар мавжуд. Хусусан, 40 йиллик урушдан сўнг миллионлаб афғонлар учун ўзаро низоларни ҳал этиш ва тинч ҳаётга ўтиш учун имконият пайдо бўлди.
Халқаро ҳамжамият томонидан Афғонистондаги урушни тўхтатиш учун бир неча бор уринишлар бўлган. Лекин нега айнан ҳозир узоқ йиллардан буён азият чекаётган Афғонистонда тинчлик ўрнатиш учун аниқ имкониятлар пайдо бўлди деяпмиз? Бунга нима сабаб? Нима ҳал қилувчи аҳамият касб этди? 2018 йил март ойида Афғонистон бўйича бўлиб ўтган Тошкент халқаро конференцияси афғон йўналишида тинчлик саъй-ҳаракатларини қайта кўриб чиқилишида ҳал қилувчи ролни ўйнади, десак муболаға бўлмайди. Шахсан Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ўтказилган ушбу анжуман жаҳон ҳамжамияти эътиборини Афғонистон Ислом Республикасида давом этаётган урушга яна бир бор қайтарди. Тошкент конференциясида Афғонистон тақди рига бефарқ бўлмаган барча давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари, Афғонистон президенти Ашраф Ғани ва юқори мартабали дипломатлар иштирок этди. Анжуман якунида Афғонистонда тинчлик ўрнатишнинг асосий тамойилларини белгилаб берган Тошкент декларацияси қабул қилинди. Яна ҳам аниқроқ айтганда, мамлакатда тинчликни ўрнатиш стратегияси бўйича иштирокчилар томонидан келишувга эришилди. Аслини олиб қараганда, афғон муаммосини ҳал этишда иштирок этаётган барча давлатлар Афғонистонда тинчликка фақатгина қуролларни ташлаб, афғон сиёсий кучлари ўртасида кенг мулоқотни бошлаш орқали эришиш мумкинлиги тўғрисидаги фундаментал ғояни тушунишди.
Бундан ташқари, айнан ўзбек заминида бўлган учрашувдан сўнг Афғонистонни минтақавий ҳамкорлик платформасига айлантириш ва геосиёсий рақобатнинг авж олган саҳнаси сифатида қабул қилмаслик лозимлиги тўғрисида кенг тушунча шаклланди. Тошкент конференцияси ва Ўзбекистон раҳбариятининг афғон можаросини тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари алоҳида аҳамиятга эга эканини тасдиқлаш учун Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг шу йилнинг март ойи охирларида айтган қуйидаги сўзларини келтириб ўтмоқчиман: “Икки йил олдин Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ўтказилган Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси муҳим воқеа — афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш учун сиёсий жараённи бошлаш, манфаатдор томонлар ўртасида ўзаро мулоқотнинг мақбул шакллари ва механизмларни қидиришда бошланғич нуқта бўлди”.
Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш борасидаги кейинги муҳим босқич — 2020 йилнинг 29 февралида Қатар пойтахти Дохада АҚШ ва “Толибон” ҳаракати ўртасида тинчлик битими имзоланиши бўлди. Унда мамлакатда тинчликка эришиш учун муҳим бўлган деярли барча асосий шартлар— зўравонликни камайтириш, хорижий қўшинларнинг чиқиб кетиши, маҳбусларнинг озод этилиши ва натижада Афғонистондаги барча сиёсий кучларни қамраб олувчи — инклюзив мулоқотнинг йўлга қўйилиши кўрсатиб ўтилган.
Энг муҳими, аввал муросага келмаган рақиблар — АҚШ ва “Толибон” ҳаракати урушни тўхтатиш зарурлиги тўғрисида биринчи марта келишиб олдилар. Ушбу муҳим шартномани имзолаганлар, шу жумладан “Толибон” ҳаракатининг Қатардаги сиёсий ваколатхонаси раҳбари Мулла Бародар, тинчлик ўрнатиш жараёнини олдинга силжишида кўрсатган ёрдамлари учун етакчи давлатлар қатори Ўзбекистонга ҳам самимий миннатдорлик билдирди.
Албатта, Афғонистон масаласида ҳали сўнгги нуқта қўйилгани йўқ. Шубҳасиз, олдинда қилиниши лозим бўлган кўп ишлар бор, чунки АҚШ ва “Толибон” ҳаракати ўртасидаги келишув бу тинчликка эришиш йўлининг фақатгина бошланишидир.
Тинчлик сари қўйилган яна бир муҳим қадам бу — шу йил май ойининг ўрталарида Кобулда Президент Ашраф Ғани ва ҳукуматнинг собиқ раҳбари, Президентликка номзод Абдулла Абдулла томонидан Инклюзив ҳукуматни ташкил этиш ва Миллий ярашув олий кенгашини тузиш тўғрисидаги келишувнинг имзоланиши бўлди. Ушбу ҳужжат билан мамлакатнинг сиёсий раҳбарлари тенглик асосида инклюзив ҳукумат тузишга рози бўлиб, мамлакатдаги қўшҳокимликка барҳам
беришди. Эндиликда Абдулла Абдулла — Миллий ярашув олий кенгашининг раҳбари ҳисобланиб, Афғонистондаги тинчлик жараёнига, яъни толиблар билан тўғридан-тўғри музокараларга раҳбарлик қилади. Бундан ташқари, унинг жамоаси аъзолари 50 фоиз вакиллик асосида вазирликлардаги лавозимларга тайинланади. Шундай қилиб, яқинда ташкил этилган Миллий ярашув олий кенгаши расмий давлат органига, унинг раҳбари эса мамлакатдаги иккинчи шахсга айланади.
Афғон сиёсий кучлари ўртасидаги миллий манфаатлар асосидаги бундай бирлашиш афғон инқирозининг тез орада тугашига ишонч уйғотади ва умидни кучайтиради. Энди афғон инқирози ҳал қилинишининг навбатдаги, эҳтимол энг қийин босқичи, яъни қарама-қарши томонлар ўртасида тўғридан-тўғри музокараларни ўтказиш даври келди. Ҳамма кенг қамровли қуролли ҳаракатларнинг тўхтатилиши эълон қилинишини, мамлакатни тинч ривожланишнинг долзарб муаммоларини ҳал қилиш йўлида барча ички кучлар биргаликда иш олиб боришини кутмоқда. Ҳозирги босқичда нафақат афғонлараро тинчлик музокараларини бошлаш, балки энг муҳими эришилган келишувларга қатъий риоя этилиши учун дунё ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ҳисобланади.
Ўзбекистон ушбу ёндашувни қўллаб-қувватлайдиган давлатлар билан биргаликда фаол иш олиб бормоқда. Ўзбекистон, Германия, Индонезия, Норвегия ва Қатарнинг жорий йилнинг 24 май куни имзоланган қўшма баёноти ана шундай конструктив халқаро ҳамкорликка мисолдир.
Сулҳ эълон қилиниши ва Афғонистондаги тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаган ҳолда ҳамфикр давлатлар “афғон курашувчи кучлари томонидан ярашиш масаласида сўралган ҳар қандай ёрдамга тайёр” эканини таъкидладилар. Беш томонлама мурожаат, шунингдек, яқин кунларда афғонлараро мулоқотни зудлик билан бошлашга доир қўшимча чоралар кўриш тўғрисидаги чақирувни ўз ичига олган. Бу қўшма баёнот Тошкентнинг Афғонистонни барқарорлаштиришга бўлган ёндашуви тизимли ва изчил эканининг яна бир ёрқин тасдиғи бўлди. Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев бир неча бор таъкидлаганидек, мамлакатимиз тинчлик жараёнини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, кенг қамровли қуролли ҳаракатлар тўхтатилиши эълон қилинишини илгари суришга ва шу тариқа Афғонистон ва бутун минтақа тарихида янги давр бошланишига тайёр. Ўзбекистон Президенти Тошкент форуми минбаридан туриб, Афғонистон бўйича сиёсатнинг асосий тамойилларини аниқ белгилаб берди.
Хусусан: — Афғонистон Ўзбекистонга дўст мамлакат, афғон халқи билан бизни яқин дўстлик ва қардошлик ришталари боғлаб туради; — уруш — бу афғонларнинг танлови эмас, афғонларнинг ўзларига тегишли бўлган ва улар томонидан бошқариладиган тинчлик ва ярашиш жараёнини қўллаб-қувватлаш керак; — биз бу мамлакатда афғон халқининг тинч келажагини таъминлашдан бошқа бирор-бир мақсадни кўзламаймиз.
Кўриниб турибдики, Афғонистонни барқарор лаштириш минтақавий ҳамкорлик меъморчилигини тубдан ўзгартиришга, Марказий ва Жанубий Осиёнинг улкан ҳудудларида алоқаларни чуқурлаштириш учун мутлақо янги шарт-шароитларни яратишга қодир.
Қолаверса, бугунги кунда Марказий Осиёдаги вазият тубдан ўзгарди. Бу ерда мутлақо янги сиёсий муҳит шаклланмоқда. Ўзбекистон Президентининг очиқ ва изчил ташқи сиёсати туфайли минтақа да ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва барқарорлик муаммоларини ҳал этиш, иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожланти риш учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Буларнинг барчаси Марказий Осиё давлатларининг Ҳинд океани ва Форс кўрфази портларига энг қисқа чиқиш йўлини таъминлайдиган, Жанубий Осиёни Европа ва Хитой бозорлари билан боғлаш имконини берадиган трансминтақавий транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга оширишга кучли туртки бериши мумкин.
Ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш билан бирга, Марказий ва Жанубий Осиёда барқарор ривожланишнинг истиқболли “драйверлари” бўлиши мумкин бўлган энергетика, савдо ва иқтисодиёт соҳаларида кенг кўламли минтақавий лойиҳаларни ишга тушириш ва амалга ошириш учун қулай ички ва ташқи шароитлар яратилади.
Бундан ташқари, иқтисодий ривожланиш дастурларининг ўзи афғонлараро миллий ярашувга эришиш учун бошланғич бирлаштирувчи омил бўлиши мумкин. Ўзбекистон Афғонистоннинг ҳақиқий дўсти бўлиб, уни ҳеч қачон оғир синов ва қийинчиликларда ёлғизлатиб қўймаган. Бошқа давлатлар пандемия муносабати билан Афғонистон билан чегараларни ёпиб қўйган бир пайтда Ўзбекистон афғон халқига нисбатан чинакам биродарлик муносабатини яна бир бор намоён этди. Ўзбекистон Президентининг принципиал позицияси туфайли чегарамиз барча транспорт юк ташувлари учун доимо очиқ бўлиб қолмоқда. Озиқ-овқат, бирламчи эҳтиёждаги товарлар, хомашё ва ёқилғи юклари тўхтамасдан Афғонистонга бориб, бу қийин даврда мамлакатнинг нормал фаолият юритишини таъминламоқда.
Бундан ташқари, пандемия даврида, жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Президенти яна бир бор Афғонистон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилди.Афғонистон шимолида жойлашган Мозори шариф шаҳрига тонналаб ун, гуруч, ўсимлик ёғи, шакар, болалар кийимлари, тиббий ҳимоя, гигиена воситалари ва бошқа кўплаб маҳсулотлар етказиб берилди. Хулоса ўрнида Афғонистон таркибий қисми бўлган Марказий Осиёда ўзининг аниқ устувор йўналишларини белгилаган Ўзбекистон уларни изчил амалга оширишни таъминлаб, минтақада тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланиш ва фаровонликка ҳар томонлама ўз ҳиссасини қўшиш ниятида эканини яна бир бор таъкидлашни истардим.
Элдор АРИПОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори
Манба: «Янги Ўзбекистон» газетаси,
2020 йил 27 май.