МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг бўлажак мажлиси тўғрисида
2020 йил 29 май куни Ўзбекистон Республикаси раислиги доирасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси видеоанжуман шаклида бўлиб ўтади.
Мажлис Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов раислигида ўтади, тадбирда Озарбайжон Бош вазири Али Асадов, Беларусь Бош вазири Сергей Румас, Қозоғистон Бош вазири Асқар Мамин, Молдова Бош вазири Ион Кик, Россия Ҳукумати Раиси Михаил Мишустин, Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода, Арманистон Бош вазири ўринбосари Мгер Григорян, Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Эркин Асрандиев, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ва МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев иштирок этиши кутилмоқда.
Ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлиси кун тартибига Ҳамдўстлик иштирокчи давлатларининг турли жабҳалардаги ҳамкорлигига оид 15 та масала киритилган.
Музокаралар чоғида иқтисодий, транспорт-логистика, энергетика, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг долзарб йўналишлари юзасидан фикр алмашинилади ҳамда Covid-19 коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши биргаликдаги саъй-ҳаракатлар муҳокама қилинади.