Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази Маданият вазирлиги тизимига ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини имзолади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Қарорда маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш мақсадида белгиланган қатор вазифалар тизим тараққиётини таъминлаш билан бир қаторда жамият маданий ҳаётининг равнақ топишига хизмат қилиши кўзда тутилган.
Жумладан, мазкур қарор билан вазирлик тизимига қуйидаги ўзгаришлар киритилди:
- «Ахборот ва компьютер технологиялари маркази» давлат муассасасини «Ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва ахборот мультимедиа маркази» давлат муассасаси этиб қайта номлаш;
- Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти ва унинг барча ҳудудий бошқармалари тузилмасида тегишлича юридик шахс мақомига эга бўлмаган Бадиий экспертиза бошқармаси ҳамда бадиий экспертиза бўлимлари ташкил этиш;
- «Гулистон», «Театр», «Мозийдан садо» журналлари таҳририятларини ягона таҳририятга бирлаштириш;
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказини тўлиқ ҳажмда Маданият вазирлиги тизимига ўтказиш ва бошқалар.
Мазкур ҳужжат тизимда мавжуд муаммоларни бартараф этиш, кенг жамоатчиликни маданият масканларига изчил жалб қилиш, аҳолига хизмат кўрсатишда қулай шарт-шароитлар яратиш, фаолиятда замонавий технологиялар қўллаш ва соҳа ходимларини рағбатлантиришни ошириш вазифаларини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади.
— Давлатимиз раҳбари томонидан маданият ва санъат соҳасида қабул қилинган фармон ва мазкур қарор тизим ходимлари томонидан илиқ қарши олинди, — деди Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева. — Вазирлик фаолиятини такомиллаштириш бўйича белгиланган вазифалар маданий меросимизни асраб-авайлаш ва халқимизнинг маънавий меросини халқаро ҳамжамиятда тарғиб этишимизда дастурил амал бўлиб хизмат қилади. Қарорда вазирликнинг Маданий мерос департаменти тузилмасини қайта ташкил этиш белгиланди. Ушбу департамент фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш борасидаги чора-тадбирлар аждодлардан мерос қолган бебаҳо бойликларимизни асраб-авайлаш, уни ўсиб-улғайиб келаётган ёш авлод тарбиясига таъсирини ошириш, халқнинг миллий ғурурини юксалишига қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бундан ташқари, ёш истеъдодларни излаб топиш, ўқитиш ва қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан ўзгартириш масалалари вазирликнинг асосий йўналиши этиб кўрсатилди.