Лондонда коронавирус пандемияси шароитида Ўзбекистоннинг иқтисодий барқарорлиги масалалари муҳокама қилинди
Мамлакатимизнинг Буюк Британиядаги элчихонаси Британия-Ўзбекистон дўстлик жамияти ва “Eurasian Investor” консалтинг компанияси билан ҳамкорликда коронавирус пандемиясини иқтисодиёт барқарорлигига таъсири мавзуида онлайн-семинар ташкил этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда хорижий давлатларнинг 220 нафардан ортиқ сиёсий, ишбилармон, молия, жамоатчилик ва экспертлар доиралари вакиллари, шунингдек юртдошларимиз ва журналистлар иштирок этди.
Вебинарда Ўзбекистон ва Буюк Британия дипломатлари, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директорининг ўринбосари У.Обидхўжаев, Европа-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик уюшмаси раҳбари О.Шайхов, Британия-Ўзбекистон дўстлик жамиятининг раиси Л.Скайнер ва “Dentons” адвокатлик фирмасининг Ўзбекистондаги шериги Э.Маннопов сўзга чиқди. Баҳс-мунозараларга “Eurasian Investor” компанияси раҳбари Э.Батмангелидж модераторлик қилди.
Иштирокчилар пандемиянинг Ўзбекистон иқтисодиёти ва ислоҳотлар дастурига таъсири, ҳукумат томонидан глобал инқироз шароитида иқтисодий соҳаларни рағбатлантириш бўйича қабул қилинган аксилинқироз чоралари, мамлакатнинг халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорлиги, шунингдек инқироздан кейинги даврда мамлакатга хорижий инвестицияларни жалб қилиш истиқболларини муҳокама қилди.
Мутахассисларнинг фикрича, коронавирус пандемиясининг Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ҳолатига маълум даражада салбий таъсир кўрсатишига қарамай, жорий йилда ҳам ЯИМнинг ижобий ўсиш суръати сақланиб қолади. Бунга иқтисодиётни диверсификация қилиш, сўнгги йилларда уни эркинлаштириш бўйича олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, мамлакат раҳбарияти томонидан инқирозга қарши ўз вақтида амалга оширилаётган чора-тадбирларни аҳоли томонидан кенг кўламда қўллаб-қувватланилаётгани туфайли эришиш мумкин бўлади. Бу борада ҳатто ҳал қилувчи халқаро молиявий институтлар ҳам мамлакатимиз иқтисодиётининг инқирозгача бўлган даражага кўтарилишини ва 2021 йилда унинг жадал cуръатларда ўсишини якдиллик билан тахмин қилмоқда.
Шунингдек, вебинар давомида иштирокчилар ўртасида сўровнома ўтказилди. Унга кўра, респондентларнинг 80 фоизи пандемиядан сўнг Ўзбекистон хорижий инвесторлар, жумладан, британияликлар учун янада жозибадор бўлишига ишонч билдирди.