Ўзбекистон ва Жанубий Корея қўшма лойиҳалаш институтини ташкил этиш имкониятларини ўрганмоқда
Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазирининг ўринбосари Э.Искандаров Жанубий Кореянинг «Hanshin Engineering & Construction» компанияси ижрочи вице-президенти Квак Донг Хун билан онлайн-музокара ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги вакиллари ҳамда Корея Республикаси савдо, саноат ва энергетика вазирлиги қошидаги Корея-Ўзбекистон бизнес уюшмаси раисининг ўринбосари Ким Чанг Кеон иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистонда замонавий қурилиш стандартларини такомиллаштириш ва жорий этиш, хорижий мамлакатларнинг илғор ечимлари ҳамда тажрибаларини жорий этиш орқали қурилиш сифатини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида маълумот берилди.
Шунингдек, томонлар «Қишлоққурилишлойиҳа» МЧЖ, «Тошуйжойлити» АЖ ва «Ўзоғирсаноатлойиха» АЖ негизида МДҲда ягона бўлган қўшма лойиҳалаш институтини ташкил масаласини муҳокама қилди.
Ўзбекистон ва Жанубий Корея вакиллари ўртасида ушбу масала бўйича дастлабки музокаралар шу йил апрель ойида бошланган эди.
«Hanshin Engineering & Construction» компаниясининг ижрочи вице-президенти Квак Донг Ханг муҳокама қилинган қўшма лойиҳаларни изчил амалга ошириш учун шартнома имзолашдан манфаатдор эканини билдирди.
Муҳокама доирасида, шунингдек, юқорида қайд этилган лойиҳалаш институтларига тегишли давлат улушини Жанубий Корея томонидан сотиб олиш имкониятлари ҳақида ҳам сўз юритилди. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Жанубий Корея вакилларига зарур маълумотларни тақдим этишига келишилди.