Бир гуруҳ юртдошларимиз Истанбулдан Тошкентга учиб келмоқда
Бугун бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаролари “Uzbekistan Airways” АЖнинг чартер рейси билан Истанбулдан Тошкентга учди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ҳаво лайнери бортида 267 нафар йўловчи, жумладан, мамлакатимизда инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишда қатнашадиган 27 нафар туркиялик мутахассис ҳам бор.
Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси хабарига кўра, бугунгача 1 минг 435 нафар ватандошимизни юртимизга олиб келиш учун 6 та чартер рейс ташкил этилган.
Карантин даврида Туркияда бўлиб турган 7 мингдан ортиқ ўзбекистонликка Анкара ва Истанбул шаҳарларидаги дипломатик ваколатхоналаримиз томонидан 317 минг турк лираси (46 минг АҚШ доллари)дан кўпроқ миқдорда моддий ва молиявий ёрдам кўрсатилди. Туркияда вақтинча бўлиб турган 2,5 мингдан ортиқ юртдошимизга Туркиянинг йирик “BİM” савдо тармоғидан харид қилиш учун умумий қиймати 200 минг лиралик озиқ-овқат карталари берилди.
Истанбулдаги Бош консулхона хайрия акцияси доирасида 6 минг нафар ватандошимизга 113 минг 280 турк лираси (27 минг 574 АҚШ доллари) миқдорида озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан 5,9 тонна картошка, 3,3 тонна пиёз, 1,5 тонна товуқ гўшти, 1,8 тонна макарон, 1,7 тонна гуруч ва бошқа маҳсулотлар тарқатди.
Молиявий ёрдам жамғармасини шакллантиришда Ўзбекистоннинг Туркиядаги дипломатлари, тадбиркорлардан иборат ҳомийлар ва хайр-эҳсон қилувчилар қатнашди.
28 май ҳолатига кўра Туркияда 159 минг 797 та коронавирус юқтириш ҳолати аниқланган, жумладан, сўнгги 24 соат ичида 1 035 та кишида инфекцияга чалиниш қайд этилган. Буткул соғайиб кетганларнинг умумий сони пандемия бошланганидан бери 122 минг 793 кишини, жумладан, сўнгги 24 соат ичида 1 минг 228 беморни ташкил этмоқда. Вафот этганлар сони 4 минг 431 га етган.