Ўзбекистон ташаббуси билан ва БТТ шафелигида “Тикланиш йўли” халқаро онлайн туризм конференцияси ўтказилади
2020 йил 1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ташаббуси билан Бутунжахон туризм ташкилоти (БТТ) бошчилигида коронавирус пандемияси таъсири натижасида туризм соҳасига етказилган зарарларни бартараф этиш, ушбу соҳани жадал тиклаш ва давомий ривожлантириш масалаларида мамлакатлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва бирдам ҳаракатланиш режаларини муҳокама этиш мақсадида “Тикланиш йўли” халқаро онлайн туризм конференцияси ўтказилади.
Бу тўғрисида аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдухакимов ва БТТ Бош котиби Зураб Пололикашвили ўртасида бўлиб ўтган телефон мулоқоти давомида келишиб олинган эди.
Тадбирда Марказий Осиё мамлакатлари, шунингдек Озарбайжон, Арманистон, Грузия, Россия, Белорусия ва Молдова давлатларининг туризм администрациялари раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда. Мазкур конференция иштирокчилари COVID-19 пандемиясининг туризм соҳасига бўлган салбий оқибатларини юмшатиш бўйича самарали чора-тадбир ишлаб чиқиш юзасидан ўзаро фикр ва тажриба алмашадилар.
Шу билан бирга, мазкур давлатлар ҳукуматлари томонидан сайёҳлик ва туризм саноатининг жадал қайта тикланиши ва ривожланишини рағбатлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштириш йўллари, пандемиядан кейинги даврда туристлар учун қулай ва ҳавфсиз шароитларни таъминлаш, шунингдек, туристлар оқимини ёшартириш ва кўпайтириш ишларини тизимли ташкил этиш масалалари муҳокама қилинади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси