Олий Мажлисда парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари шаклланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида хорижий парламентлар билан ҳамкорлик гуруҳларини шакллантириш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Жами 42 та давлат парламентлари билан шундай гуруҳлар ташкил этилади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбир Қонунчилик палатаси манбасига асосланиб.
Бундай парламентлараро ҳамкорлик доимий тарзда изчил олиб борилади. Ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий соҳаларда, шунингдек мамлакатимизга хорижий инвестициялар жалб қилиш масалаларида амалий ишлар бажариш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, хорижий парламентлар билан ўзаро тажриба ва тезкор маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилади, давлатлар ўртасида дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш мақсадида ҳамкорликда турли тадбирлар ва ўзаро ташрифлар ташкил этилади.
Ҳамкорлик гуруҳларининг 8 тасига Олий Мажлиснинг Сенати ва 19 тасига Қонунчилик палатаси раҳбарларининг ўринбосарлари, қўмита раислари бошчилик қилади. Қолган 16 та давлат билан тузилган гуруҳларни палаталарнинг вакиллари бошқаради.
Шунингдек, Қонунчилик палатасига Европа Иттифоқи парламенти билан ҳамкорлик қилиш вазифаси белгилаб берилган.
АҚШ, Буюк Британия, Япония ва Қозоғистонда икки палатали парламент тизими мавжуд бўлишига қарамай, Олий Мажлис палаталари томонидан қўшма ҳамкорлик гуруҳлари ташкил этилади. Маълумот учун: 2015-2019 йиллар давомида 27 та хорижий давлат ва Европа Иттифоқи парламенти билан ҳамкорлик гуруҳлари фаолият кўрсатган.
Хорижий давлатлар билан парламентлараро гуруҳ ишларини ташкил этиш давом эттирилмоқда.