«Diplomatic World»: Ўзбекистонда иқтисодий фаолликни тиклаш жараёнларига жиддий эътибор қаратилмоқда
«Diplomatic World» журналининг онлайн версиясида Ўзбекистон ҳудудларида ижтимоий-иқтисодий ҳаётни тубдан яхшилашга қаратилган ишлар тўғрисидаги материал эълон қилинди, дея хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мақолада Ўзбекистон пандемия шароитида иқтисодий фаолликни тиклаш жараёнларига жиддий эътибор қаратмоқда, деб таъкидланади.
Шунингдек, материалда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи тафсилотлари ҳақида маълумот берилган. Давлатимиз раҳбари вилоят вакиллари билан биргаликда янги корхоналар ва иш ўринлари ташкил этиш чораларини муҳокама қилгани таъкидланган.
Нашрнинг ёзишича, ушбу босқичда қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш, маҳаллий аҳолининг салоҳиятини ошириш, шунингдек солиқ имтиёзлари ва бошқа преференциялар тақдим қилиш орқали кичик бизнесни рағбатлантириш каби вазифалар бажарилмоқда.
Маълум қилинишича, Андижон вилоятида жорий йил пандемия таъсирига қарамай 42 минг янги иш ўрни яратиш, тўқимачилик саноатида 13 та, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича 74 та лойиҳа амалга ошириш белгиланган. Уларни бажариш учун 353 миллиард сўм миқдоридаги кредитлар ҳамда оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадларига Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 20 миллион доллар ажратилади.