ЖСТ Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиш бўйича музокараларни бошлашга тайёрлигини юқори баҳолади
Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) Котибияти ташкилотга кириш масалаларига бағишланган навбатдаги бюллетенни тарқатди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги мухбири.
Унда Ўзбекистон томонидан ташкилотга аъзо бўлиш бўйича қилинаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги маълумот акс этган.
Жумладан, 16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ва ЖСТ Бош директори ўринбосари Алан Вульф ўртасида ўтказилган онлайн-музокарада Ўзбекистон томони ЖСТга аъзо бўлиш устуворлигини тасдиқлагани, шунингдек, ишчи гуруҳнинг ташкилотга аъзо бўлиш бўйича учрашувларни ўтказиш жараёнини қайта бошлаш таклифи билан чиққани қайд этилган.
Таъкидланишича, 7 май куни Ўзбекистонга учрашувга тайёргарлик кўриш учун қўшимча ҳужжатлар, шу жумладан республикамиз ташқи савдо режими тўғрисидаги кенгайтирилган Меморандум ва 43 қонун ҳужжати тақдим этди.
15 май куни ишчи гуруҳ раиси, Корея Республикаси элчиси Д.Пек мамлакатимизнинг ташкилотга кириш йўлида амалга ошираётган саъй-ҳаракатлари ва аъзо бўлиш йўлидаги қатъий позициясини маъқулловчи маълумотларни эълон қилди. Ҳозирда ишчи гуруҳ йиғилишини ўтказиш учун етарли ҳужжатлар базаси борлигини таъкидлаган Д.Пек COVID-19 билан боғлиқ чекловларни ҳисобга олган ҳолда ушбу тадбир учун энг муносиб санани аниқлаш мақсадида Тошкент ва аъзо давлатлар билан маслаҳатлашувларни давом эттириш ниятида эканини айтган.
Шунингдек, 15 май куни ЖСТ Бош кенгаши йиғилишида иштирок этиш доирасида Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги Доимий ваколатхонаси томонидан ташкилотга аъзо мамлакатлар вакиллари ва кузатувчиларга коронавирусга қарши курашиш, аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш ва саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг тўлиқ ишлашини таъминлаш бўйича республика раҳбарияти томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилган.
Материалда яқин вақт ичида видеоконференция форматида ўтказилиши эҳтимоли бўлган ишчи гуруҳнинг Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиши бўйича 4-йиғилишини иложи борича тезроқ чақириш муҳимлиги таъкидланган.