Германия халқаро ҳамкорлик жамияти Оролбўйи ҳудудини кўкаламзорлаштиришга кўмаклашмоқда. Сиз ҳам қўшилинг!
Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси лойиҳа менеджери Каролина Милов билан ҳамкорликда “My garden in the Aral Sea” (“Менинг Орол денгизидаги боғим”) лойиҳасини қўллаб-қувватлаш учун 30,4 миллион cўм ажратди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Орол денгизининг қуриши оқибатларини бартараф этиш ва сайёҳлар сонини кўпайтиришга қаратилган ушбу лойиҳа Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Орол денгизи халқаро инновацион маркази томонидан молиялаштирилмоқда ва ҳаётга тадбиқ этилмоқда.
Лойиҳани қўллаб-қувватлашга халқаро ва маҳаллий сармоядорлар жалб этилмоқда. Унинг доирасида шу пайтгача Орол денгизи ҳудудида 900 дан ортиқ манзарали ва мевали дарахтлар экилди.
GIZнинг молиявий кўмагида Оролбўйида 3 мингдан ортиқ чўл шароитига мослашган кўчатлар экилади.
Ташкилотчилар барча хоҳловчиларни мазкур лойиҳани биргаликда амалга оширишга таклиф қилади. Ушбу хайрия тадбири минтақанинг экологик ҳолатини яхшилашга ҳисса қўшади ва Оролбўйи минтақасида яшаётган миллионлаб инсонлар соғлиғига ижобий таъсир кўрсатади.