Фарғона халқаро аэропортидан юкларни хорижий давлатларга тўғридан-тўғри жўнатиш имконияти қайта тикланди
17 йиллик танаффусдан сўнг Фарғона халқаро аэропортидан юкларни хорижий давлатларга тўғридан-тўғри жўнатиш имконияти қайта тикланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Транспорт вазирлиги манбасига асосланиб.
Фарғона вилоятидан хорижга ҳўл мевалар экспорти билан шуғулланаётган «RTL logistics», «UZ-Segong», «XinFergana» корхоналари томонидан бўлган мурожаатлар вазирлик мутахассислари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди.
Экспортчи корхоналар вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда ҳўл меваларни Фарғона вилоятидан Қамчиқ довони орқали Тошкент халқаро аэропортига юк машиналарида етказиб бориш жараёнидаги қийинчиликлар, транспорт харажатларининг қимматлиги маҳсулот таннархининг кўтарилишига сабаб бўлаётгани маълум бўлди. Таҳлиллардан сўнг Фарғона халқаро аэропартида юкларни хорижий давлатларга жўнатиш имкониятини қайта тиклаш бўйича қарор қабул қилинди.
Фарғона халқаро аэропортидан биринчи юк «UZ-Segong» ва «XinFergana» корхоналари томонидан экспорт учун тайёрланаётган 50 тонна гилос маҳсулоти 1 июнь куни Жанубий Кореянинг Сеул халқаро аэропортига тўғридан-тўғри етказилиши таъминланди.