Халқаро стандартларнинг жорий этилиши Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспортини осонлаштиради
Жорий йилнинг 1 июнь куни “Ўзстандарт” агентлиги томонидан мамлакатимизнинг Латвиядаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган GLOBAL G.A.P стандартларини Ўзбекистонда жорий этиш бўйича вебинар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Видеоконференцалоқа форматидаги тадбирда GLOBAL G.A.P президенти ва бош ижрочи директори Кристиан Мюллер, мазкур ташкилотнинг минтақавий мувофиқлаштирувчиси Эдите Страздиня, “Ўзстандарт” агентлигининг бош директори Дилшод Сатторов, шунингдек, ўз маҳсулотларини халқаро бозорларга экспорт қилишдан манфаатдор 50 дан ортиқ фермер хўжаликлари раҳбарлари видеоалоқа орқали мулоқотда иштирок этди.
Тадбирда СOVID-19 пандемияси шароитида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди. Ҳамкорликни фаоллаштириш истиқболлари ва GLOBAL G.A.P сертификатлари эгалари сонини кўпайтиришга кўмаклашишнинг ўзига хос хусусиятлари борасида фикр алмашилди.
Тадбирда сўз олган Кристиан Мюллер Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро миқёсда тан олинган GLOBAL G.A.P стандартини кенг жорий этиш орқали маҳаллий қишлоқ хўжалиги экспортчиларини қўллаб-қувватлашдаги мисли кўрилмаган саъй-ҳаракатини юқори баҳолади.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон Япония билан бир қаторда экспортчиларини рағбатлантиришда тизимли ишлар олиб бориш бўйича яққол намуна саналади. Кристиан Мюллер халқаро ҳаво алоқалари тикланиши биланоқ Ўзбекистонга шахсан келишга тайёр эканлигини маълум қилди.
Ўз навбатида ташкилотнинг минтақавий мувофиқлаштирувчиси Эдите Страздиня Европа бозорларига чиқиш учун Ўзбекистонда илғор стандартларни жорий этиш муҳимлигини қайд этиб ўтди. Бугунги кунда Ўзбекистондаги 47 корхона аллақачон GLOBAL G.A.P сертификатига эга эканлигини таъкидлади. У уларнинг сонини 250 тага етказиш борасидаги саъй-ҳаракатларни ижобий баҳолади. Унинг фикрича, келгусида мувофиқлаштириш тизимларини ривожлантириш, мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларини яхшилаш маҳаллий маҳсулотлар экспорти ҳудудини кенгайтиришга асос бўлади.
Видеоконференция давомида хориж университетларида кадрлар тайёрлаш, тажриба алмашинувини жадаллаштириш, замонавий синов лабораториялари мажмуасини ташкил этиш, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиши GLOBAL G.A.P андозаларини республикада жорий этиш имконини беради.
Вебинарда халқаро экспертлар маҳаллий фермер ва ишлаб чиқарувчиларни қизиқтирган барча саволларга жавоб берди. Коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларини юмшатиш учун шу каби ўқув семинарларини мунтазам равишда ўтказишга қарор қилинди.
Айтиш жоизки, GLOBAL G.A.P бутун дунё бўйлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ихтиёрий сертификатлаш талабларини белгилаб берадиган мустақил ташкилотдир. Ушбу халқаро мақомга эга ташкилотнинг асосий мақсади қишлоқ хўжалигининг барча турдаги маҳсулотларига қўлланиладиган Қишлоқ хўжалиги Амалиётининг (G.A.P) ягона стандартини барпо этишдан иборатдир.
GLOBAL G.A.P сертификатлаш дастури озуқа ёки уруғдан тортиб қишлоқ хўжалик корхоналарида ишлаб чиқариладиган тайёр маҳсулотгача ишлаб чиқаришнинг барча босқичларига ижобий таъсир этиши қайд этилди.