Пандемия ва пандемиядан кейинги даврда бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича бизнес-клиника лойиҳаси ишга туширилди
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури билан ҳамкорликда Сovid-19 пандимияси даврида қийин вазиятда қолган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Бизнес-клиника» лойиҳасини ишга туширди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Таъкидлаш лозимки, коронавирус пандемияси туфайли бошқа мамлакатларда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам карантин чоралари ва чекловлар киритилди. Бу ўз навбатида кичик бизнес субъектлари фаолиятига жиддий таъсир кўрсатмай қолмади.
Инқирознинг иқтисодий оқибатларини юмшатиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати юридик ва жисмоний шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида инқирозга қарши комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқди. Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди. Тадбиркорлар ва аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг асосий мақсадларидан бири этиб белгиланди.
Ўзбекистонда пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларда таъсирини юмшатиш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида БМТ Тараққиёт Дастури томонидан Covid-19га қарши тезкор ҳаракат қилиш механизми (Rapid Response Facility) ишлаб чиқилди. Унинг доирасида учта йўналишда, яъни эҳтиёжларни тезда аниқлаб, улар бўйича ечим топишда, инқирозга қарши самарали бошқарув жорий қилишда ва тадбиркорлик субъектларига эрта тикланиш масалаларида кўмак берилади.
Бизнес-клиника пандемия даврида молиявий қийинчиликларга дуч келган тадбиркорларга бизнесни тиклаш ва давлат томонидан бериладиган имтиёз ҳамда преференциялар билан боғлиқ барча масалалар бўйича бепул маслаҳатларни бериб боради.
Тадбиркорлик субъектлари билан тезкор алоқани йўлга қўйиш учун клиниканинг https://t.me/biznes_klinika телеграм-канали, 1094 қисқа рақами ишга туширилди.
Уларга бўлаётган мурожаатларга 24 соатлик консультациялар бериш тизими йўлга қўйилган. Бундан ташқари www.businessinfo.uz веб-сайтининг Бизнес-клиника бўлимида онлайн-мурожаатларни қабул қилиш имконияти мавжуд.