Ўзбекистон Франция парламентлари дўстлик гуруҳлари ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон-Франция” ҳамкорлик гуруҳининг ва Франция Республикаси Миллий ассамблеясининг “Франция-Марказий Осиё парламентлараро дўстлик гуруҳи”нинг биринчи қўшма мажлиси видеоконференция шаклида онлайн тарзда бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Қонунчилик палатаси манбасига асосланиб.
Тадбирда Ўзбекистон томонидан дўстлик гуруҳи раҳбари, Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ва Франция томонидан гуруҳ раҳбарининг ўринбосари Пьер Кабаре сўз чиқиб, ушбу дўстлик гуруҳлари ташкил этилиши билан бир-бирларини қутлаб, гуруҳ ишига муваффақият тилади.
Шунингдек, бундай парламентлараро дўстлик гуруҳларининг тузилиши мамлакатларимизнинг ўзаро кенг миқёсдаги самарали ҳамкорлигининг ривожланишига туртки беришига ишонч билдирилди.
Онлайн-мулоқотда томонлар икки мамлакат ҳукуматлари томонидан коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар ҳамда бу жараёнда парламентларнинг ўрни хусусида учрашув қатнашчиларини хабардор қилди.
Бундан ташқари икки давлат парламентлараро ҳамкорлигининг бугунги аҳволи ва истиқболлари хусусида ўзаро фикр алмашилди.